Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Яшил макон»: 600 мингта кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган

«Яшил макон»: 600 мингта кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган

Баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. Айрим вазирлик, идора ва тармоқларда эса бу тадбирларга етарлича эътибор қаратилмаган.

Бу ҳақда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

«Экилган кўчатларни парвариш қилиш, суғориш, пайҳон қилинишини олдини олиш  ишлари етарли даражада амалга оширилмаган», – дейилади хабарда.

Шу билан бирга, 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ-199-сонли Фармонга мувофиқ ҳудудларда экилган дарахтларнинг касаллик ва зараркунандаларга қарши механик, биологик, кимёвий кураш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, ушбу  масала ҳам ҳал этилмасдан қолмоқда.

Ҳокимликлар, вазирликлар, идора ва ташкилотлар томонидан  аввалги мавсумларда экилган, табиий ва бошқа омиллар ҳисобига қуриб қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш, кўкармасдан қуриб қолганлари ўрнига янги кўчатларни экиб ўрнини тўлдириш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Сенат мажлисида, шунингдек, жорий йилда жами 200 млн, шундан баҳор мавсумида 125 млн туп кўчат экилиши белгиланган бўлиб, баҳор мавсумида 138,1 млн туп (110,5 фоиз) дарахт кўчатлари экилганини маълум қилинди.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, экилган кўчатлар ҳақидаги маълумотларни «Yashilmakon.eco» электрон платформасига ўз муддатида ва ҳаққоний жойлаштириш, кузги мавсумда ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт тури ва экиш жойларни белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Йирик саноат корхоналари атрофи ва унга туташ ҳудудларда ҳамда чиқинди полигонлари атрофларида «яшил белбоғ»ларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг