Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яқин Шарқдан олиб келинган ўзбекистонликлар бўйича баёнот берилди

Яқин Шарқдан олиб келинган ўзбекистонликлар бўйича баёнот берилди

Фото: Президент матбуот хизмати

2019 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқаролари, асосан аёллар ва болалар махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келингани хабар қилинганди. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу воқеа юзасидан баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, улар алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган эдилар.

Ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилган.

Хорижий жангари-террористлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан тасдиқланган.

Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга Ўзбекистон ҳукумати реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади. Уларнинг тиббий ёрдам ва психосоциал кўмакдан фойдаланишлари, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этишлари таъминланади. Қутқарилган ватандошларимизнинг тинч ҳаётга қайтишлари учун, хусусан уларни тегишли бошпана ва иш ўрни билан таъминлаш борасида зарур шароитлар яратилади.

Қайд этилишича, барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида фуқароларни қутқариш бўйича муваффақиятли амалга оширилган гуманитар миссия Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, махсус хизматлари ва бошқа идораларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари самарасидир.

Қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан Халқаро Қизил хоч қўмитаси ва ЮНИСEФ томонидан муҳим кўмак кўрсатилган. Ўзбекистон томони мазкур тадбирда иштирок этган барча ҳамкорларига фуқароларнинг Ватанга эсон-омон қайтаришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик изҳор этган.

Турли сабабларга кўра бегона юртларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканликларини, давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни қўллашини маълум қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз, — дейилади баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг