Япония маликаси оддий инсонга турмушга чиқди (видео)
Бугун, 26 октябрь санасида Япония маликаси Мако бир неча йилдан бери учрашиб юрган йигити — Кей Комуро билан турмуш қурди. Бу ҳақда «Kyodo News» император саройи бошқармасига асосланиб хабар берди.
Мако император оиласи аъзоси мақомидан маҳрум бўлди — эрининг фамилиясига ўтади.
Никоҳни рўйхатга олиш серҳашам ва дабдабали маросимларсиз ўтган. «ЗАГС»дан чиққан ёшлар матбуот анжумани ўтказишини кутишганди, бироқ улар никоҳдан ўтишганини эълон қилиб, журналистлар олдиндан берган саволларнинг бештасига ёзма жавоб бериш билан кифояланишди.
Япония қонунларига мувофиқ, оддий инсонга турмушга чиққан маликалар император оиласи аъзолигидан маҳрум бўлишади, бироқ бу қонун шаҳзодаларга татбиқ этилмайди.
Малика Мако нафақат тантанали тўй маросими ва банкетдан воз кечди, балки саройни тарк этаётганларга тақдим этиладиган компенсация пули (153 млн. иена ёки $1,35 млн.)ни олишни ҳам истамади. «ВВС News» ёзишича, Мако ҳар икки анъанани инкор этган илк малика бўлди.
Келин-куёвнинг ҳар иккиси ҳам 30 ёшда. Коллежда танишишган. Умр ришталарини боғлашаётгани ҳақида 2017 йилда маълум бўлганди.
Ёш оила АҚШга кўчиб ўтиши кутилмоқда: Комуро Америка юридик фирмасида ишлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter