Январда аномал совуқ бўлмайди, аммо...
«Ўзгидромет» ходими Мағрипов Ҳумоюн жорий январь ойида ўтган йилдаги каби аномал совуқлик кутилмалари бўлмаслигини маълум қилди.
Унга кўра, сўнгги 30 йилликда Ўзбекистонда энг совуқ январь ойи 2008 йилда кузатилган, энг иссиғи эса 2016 йилда рўй берган.
«Ўзгидромет» январь ойини республиканинг катта ҳудудларида иқлимий меъёрдан 1-1.5 даражагача юқори бўлишини маълум қилганди. Мутахасис Мағрипов бу каби илиқлик кутилмалари, қолаверса, ноябрь ва декабрдаги илиқ ҳаво таъсиридан сўнг январнинг ҳам илиқ бўлиши жорий йил баҳор ва ёзда қишлоқ хўжалик секторида ташвишли ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Тадқиқотчи Э. Абдулаҳатов ҳам ўтган йили декабрь ойидаги илиқлик томон етаклаган иқлим каруселининг биринчи навбатда қишлоқ-хўжалик секторида муаммолар келтиришини маълум қилган. Каналдаги сўровномада ҳам кузатувчиларнинг 64 фоизи илиқ қиш биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида иқтисодий зарарлар кўламини кўпайтиришини таъкидлаган.
Илиқ қиш қишлоқ хўжалигида нафақат эрта вегетация, мевали дарахтларда ҳосилнинг камайиши, балки қурт-қумурсқалар ва турли касаллик хавфини ҳам оширади.
«Умумий вазиятдан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш сектори ўз қарамоғидаги илмий тадқиқот институтлари олимларининг об-ҳаво омилларида ўз тузилмасида амалга ошириладиган илмий-амалий ишланма-қўланмалар, илмий иновацион янгиликларни амалиётга жорий этиш, аҳоли ва фермер-боғдорларга уни етказишда кенг масштабда тарғибот-ташвиқот ишларини бошлашлари мақсадга мувофиқ ҳисобланади», дейди тадқиқотчи Э. Абдулаҳатов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter