Янгиерда йирик кимё заводи қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган аммиак ва карбамид заводи қурилиш майдонида бўлди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ернинг унумдорлигини ошириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни талаб этмоқда.
Шу боис «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан «Samsung Engineering» компанияси билан ҳамкорликда аммиак ва карбамид заводи қуриш режалаштирилган.
Умумий қиймати 600 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур заводда йилига 400 минг тонна аммиак, 660 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. АҚШ ва Япониядан энг замонавий технологиялар келтириб ўрнатилади, «ноу-хау»лар қўлланилади. 500 доимий иш ўрни яратилади.
Завод қурилиши учун жуда қулай жой танланган. Бу ерда табиий газ манбаи, электр ва сув таъминоти тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар бор.
— Сирдарёдагидек қулай инфратузилма ҳеч қаерда йўқ. Бундай имконият заводни қуриш ва барқарор ишлатишда қўл келади, инвесторларнинг қизиқишини оширади. Бу жуда рентабелли, истиқболли лойиҳа, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбарига бўлажак корхонанинг иқтисодий самарадорлиги, қурилиш ишлари жадвали ҳақида маълумот берилди. Президентимиз завод маҳсулотлари ички талабни қондириш ва ташқи бозорларга чиқишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter