«Тарифларни ошириш кўзда тутилмаган» - иссиқлик учун янги тўлов тизими ҳақида
2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв. метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилиши белгиланганди.
АОКА залида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида янги тўлов тартиби билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ берилди:
«Ушбу тартиб ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, нотўғри талқин қилинмоқда. Масалага ойдинлик киритиш янги тартибнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш учун қуйидагилар маълум қилинади.
Иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв.м. иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш бўйича янги тўлов тартиби аҳоли томонидан берилган таклифларга асосан жорий этилган. Олдинги тўлов тартиби бўйича истеъмолчилар томонидан доимий равишда «иссиқлик таъминоти 4,5-5 ой берилаётган бўса нима учун 12 ой давомида ҳисоб-китоблар қилинади» деган кўплаб эътирозлар ва аризалар бўлар эди.
Тарифлар кўтарилиши фуқароларнинг турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги хақида ташвишларга ҳеч қандай асос йўқ, чунки иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв.м иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тартиби иссиқлик таъминоти учун тарифларни оширилишини назарда тутмайди, фақат тўловларни амалга ошириш тартиби ўзгартирилмоқда.
Олдинги тўлов тартиби бўйича тўловлар 12 ой давомида ҳисоб-қитоб қилинган ва иситиш кунлари эътиборга олинмаган. Мисол учун, 2018-2019 йилларда иситиш мавсуми 135 кун, 2017-2018 йилларда — 148 кун давом этган, 2019-2020 йиллар карантин шароитларини эътиборга олган ҳолда — 165 кунни ташкил этди.
Жорий этилган янги тартиб бўйича тўловлар фақат иситиш мавсумининг ҳар бир кунига ҳисоб-китоб қилинади. Шунга кўра, фақат иситиш мавсуми даврида тўловлар ошган бўлса-да, иситиш мавсуми якунлангандан сўнг тўловлар амалга оширилмайди».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter