«Yangi nafas» югуриш мусобақасида сиз ҳам қатнашинг!
2022 йилнинг 26 июнь куни республиканинг саккизта шаҳрида бир пайтнинг ўзида Ёшлар куни муносабати билан «Yangi nafas» спорт югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Ёшлар ишлари агентлигининг конференциялар залида ушбу мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳақида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Югуриш мусобақасининг расмий шиори - Бир ватанда, бир вақтда, бир хил масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!
2017 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилиб бошланган Ёшлар куни Ўзбекистон миллий байрамлари календаридан мустаҳкам ўрин эгаллади ва бугунги кунда мамлакатнинг деярли 60 фоиз аҳолисини бирлаштирмоқда.
Ёшлар аудиториясини кенг қамраб олиш ва енгил атлетикага қизиқишини ошириш мақсадида бу йил илк маротаба «Yangi nafas» лойиҳаси Ёшлар куни тадбирлари дастурига қўшилди. Ташаббус 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси томонидан, оммавий спортни ривожлантириш учун кенг кўламли спорт ҳаракати сифатида жорий этилган эди (Aral Marathon, Save Aral ва бошқалар).
«Yangi nafas» спорт югуриш мусобақаси жорий йилда тамоман янги форматда бўлиб ўтади. Фарғона, Наманган, Чирчиқ, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб бир вақтнинг ўзида 16000 дан ортиқ спортсеварлар югуришади.
Югуриш мусобақасида умумий таълим ва спорт мактабларининг ўқувчилари, олийгоҳларнинг талабалари, жамоат арбоблари иштирок этади. Биринчи маротаба югуриш мусобақасининг жонли эфирда узатилиши ташкил этилади. Югуриш масофаси 3 км.ни ташкил қилади. Иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёни 06:30 да, тадбирнинг ўзи эса – 07:30 да бошланади. Масофа ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тошкентда «Yangi nafas» югуриш мусобақасининг старт нуқтаси бўлиб, Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишиш жойида жойлашган Humo Arena спорт-кўнгилочар мажмуасининг майдони ҳисобланади.
«Yangi nafas» спорт югуриш пойгасида истаган ҳар бир инсон иштирок этиши мумкин. Спорт трассасининг пухта равишда тайёрланиши, шунингдек, имкониятлари чекланган югурувчиларнинг хавфсиз ва қулай шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлайди.
«Спорт, биринчи навбатда, бу ёшлик дегани, – деб таъкидлайди Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси раисининг ўринбосари Андрей Абдувалиев, – ва бизнинг асосий тарбияланувчиларимиз ёш авлод вакилларидир. Биз, ўз тажрибамиздан ва амалиётимиздан келиб чиқиб, уларга энг яхшисини берамиз. Таъкидлаб ўтиш жоизки, енгил атлетика Ўзбекистон ёш авлодининг салоҳиятини амалга ошириш ва ривожлантириш учун энг самарали соҳалардан бири бўлиб ҳисобланади. Бундай форматдаги оммавий тадбирларнинг ўтказилиши ёшларга соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва спортда ўз кучини синаб кўриш учун имконият беради».
Югуриш мусобақаларига ҳар бир шаҳарда малакали ҳакамлар, мураббийлар ва Енгил атлетика федерацияси томонидан тайёрланган волонтёрлар жамоаси жалб қилинади. «Yangi nafas» деб номланган бир вақтда югуриш мусобақаси рақслар флешмоби билан якунланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter