Янги «иномарка»ларни исталган шахс сотиш ҳуқуқига эга бўлади
«Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–244-сон, 09.11.2022 й.) қабул қилинди.
Фармон билан давлат томонидан тадбиркорликни тартибга солишнинг чекланган воситалари белгиланди.
Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш воситалари фақат норматив-ҳуқуқий ва техник норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади.
Бундай ҳужжатларда белгиланмаган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
2023 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:
- тадбиркорлар устав фондини камайтиришга оид қарор тўғрисида кредиторларни ёзма хабардор қилиш ва ОАВда эълон бериш;
- янги импорт автомобилларини фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлари томонидан сотиш;
- электрни шартномадаги ҳажмдан кўп ишлатган юридик шахсларга электр етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
- ЯТТ томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали солиқ органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.
2023 йил 1 мартдан:
- солиқ тўловчиларга сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қарорлар устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
- барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади;
- Ҳукумат қарорлари билан амалга ошириладиган суммаси БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан кўп давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
- вазирлик, идора, муассаса ва унинг таркибидаги ташкилот ўртасида қиймати БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан кўп товарларнинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter