«Яндекс такси» ҳайдовчиси Наргиза Ўтаева: «Мен аёлларга керакман!»
«Яндекс такси»ни реклама қилиш ниятимиз йўқ. Самарқандда ҳам «яндексчи»лар орасида онда-сонда бўлса-да «куйдирги»ларига ўзимиз ҳам дуч келганмиз. Лекин, рулда Наргизани учратиш ҳақиқий байрам бўлди. У нафақат аёл ҳайдовчи бўлгани учун, ўзбек аёлига хос фазилатлари қаторида янгиликка интилиши, ғайрати ва кучини тўғри йўналтира билиши, самимияти билан хотирамда муҳрланди.
– Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида туғилганман. Ёшим 33 да. Пайариққа келин бўлиб тушганман. Челак шаҳарчаси Сарбозор маҳалласида яшаймиз. Хўжайинимнинг исмлари Санжар, Москвада ишлайдилар, уч нафар фарзандимиз бор, шукр. Каттам Нозима 13 ёшда, дастёр бўлиб қолган. Ўғилларим — Беҳруз ва Умарбек кўпчилик болалар каби ўйинқароқ. Ўн йилга яқин катта, файзли оиланинг келини бўлиб қайнонам, қайнбўйинлар билан яшадим. Ҳозирда янги уй кўтариб, алоҳида бўлиб чиққанмиз.
– Бир кунингиз ҳақида гапириб бера оласизми...
– Бугун соат 5 да турдим. Экинларга сув қўйдим, саккиз сотихлик еримиз бор, ўзимиз учун помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажонлар экиб қўйганмиз. Кейин болаларга қуймоқ тайёрлаб устини ўраб қўйдим. Ҳар куни уларни боғчага, мактабга тайёрлайман. Кийим-бошларини кўздан кечирдим. Қизим нонуштага дастурхон тузаб, чой дамлаб, укаларини нонушта қилдиришни уддалайди. Машинанинг чанг-чўнгини артиб, соат олтида уйдан чиқдим, соат 7 да Самарқанд шаҳрига етиб келдим. Келишда ҳар куни йўловчи оламан. Тўрт нафар одам олдим. Йўлкирамиз киши бошига 15 минг (Челак шаҳарчасидан Самарқандгача). Уларни манзилига тушириб қўйиб, «Яндекс»да иш бошладим.
– Мана ҳозир соат 3 бўлаяпти, уйга қайтмоқчи экансиз. Ишингиздан кўнглингиз тўлдими?
– 20 та буюртмани бажардим. Газ, тушлигимдан ташқари 300 минг сўм ишладим. Бугун шанба. Шу билан «Яндекс»даги бугунги ишимни тугатаман ва уйга қайтяпман, хонадонимга, болаларимга вақт ажратаман. Бугун тансиқ бир овқат қиламан, ундан кейин кир юваман. Тўғри, кир ювиш машинаси ишимизни анча осонлаштирган. Соат 10 да болалар қатори ўзим ҳам ётоққа кираман.
– Ўзи «Яндекс такси»да ишлаш фикри сизда қандай пайдо бўлди? Самарқандда унча-мунча аёлнинг бунга журъати етмайди. Шу шаҳарда туғилиб ўсгани ҳам, бошқа бир тумандан келгани ҳам таксичиликни бошлагани билан эплаб кетиши қийиндек...
– Ўзимиз алоҳида бўлиб чиққан йилларимиз эди. Ўшанда хўжайиним «запрет»га тушганлар. Битта машина заруратга айланиб қолганди. Лекин шароит бўлавермади. «Запрет»и тугаб хўжайиним Москвага ишга кетганида, озроқ йиғиндик. Минг доллар пулимиз бор эди. 2021 йил 27 сентябрь куни туғилган куним бўлса, 28 сентябрда «Матиз» олганмиз. Хўжайиним Москвада. Қаҳрамон деган қайним бор, яхши бола, машинани тушунади, шу кишининг ёрдамида олганмиз. Аввалига машина бозорига чиқдик, пулимиз кам бўлгани учун бозордан ололмадик. Кейин Каттақўрғонга бордик. Ўша ерда яшайдиган машина эгасидан 3 минг долларга, мингини бошида ва қолганини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан «Матиз»ни олганмиз. Шу «Матиз» билан илк йўловчиларимни ташиш хаёлимга келмаганди.
– Бошланиши қандай бўлган?
– Қарзни қандай бўлмасин тўлашимиз керак эди. Москвада пандемия таъсири ҳамон сезиларди. Кўплаб муҳожирлар каби хўжайинимнинг ишлари бир ундай, бир бундай бўлиб турган пайтлар эди. Кунларнинг бирида таваккал қилдим. Қишлоғимиздан Челак марказигача етти километр, йўлкираси 5 минг сўм. Келишда одам оламан, қайтишда одам олишга уяламан, доимо бўш қайтардим. Чунки, бизларда таксилар турадиган жойда одам чақириш керак, аёл кишига ноқулай. Қишлоқ ва марказ орасида 20 кунча қатнадим. Қарасам, шунда ҳам пул топса бўларкан. Кейин Челакдан Самарқанд шаҳрига қатнай бошладим. Келишда ҳам, кетишда ҳам машина бўш қолмагани учун ишим янада яхши бўлди. Дадамиз у ёқдан пул юборади, бу ерда мен йиғинаман. Қарзни 5 ойдами тўлаб бўлдик. Сўнг унинг ўрнига дарров «Нексия» олдик. Униям бўлиб-бўлиб беришга келишиб, бошига 3 минг долларини бериб, қолган икки ярим мингини ҳар ойда тўлаб бордик. Хўжайим қайтгунча эса бир ярим йилда машинани «Спарк» қилдик. Шу орада буюртмалар бўла бошлаганда, Самарқанд шаҳрининг ичкарисига ҳам кира бошладим.
– «Яндекс»га келишингиз тарихи қанақа эди?
– Кунларнинг бирида бир эр-хотин машинамга чиқишди. Ака аёл кишига «Яндекс»да ишлаш қулайлиги ҳақида айтиб қолди. Шу пайтгача негадир хаёлимга келмаган экан. Шундай қилиб, «Яндекс такси»да қайддан ўтдим. Бир йил бўляпти. Мижозлар томонидан ҳам, корхона томонидан ҳам бирор эътироз олмаган ҳайдовчиман. Ҳақиқатан ҳам «Яндекс»да ишлаш анчайин қулай экан.
– Бу ҳақда кейинроқ тўхталсак-да, суҳбат бошидан буён тилимда айланаётган саволни бермоқчиман. Такси ҳайдайман деганингизда, оилада қаршиликлар бўлмадими?
– Хўжайиним жуда қаршилик қилдилар. Қайнонам жуда яхши аёл, улар тушунтирдилар. Қолаверса, биз 14 йиллик рўзғормиз. Бир-биримизни яхши билган, ҳаёт синовларидан биргаликда ўтган паллада бу фикр менга келгани кўпроқ пандемия билан ҳам боғлиқ ҳолат эди. Юқорида айтдим, турмуш ўртоғим Россияга қатнаб ишлайдилар. Баҳорда жўнайдилар. Кузда қайтадилар. Лекин короновирус тарқалганда, мамлакатлар ўртасида йўллар беркилган, беркилмаганида юртдошларимиз Россияда ишсиз қолгани ёдингизда бўлса керак. Қарзга машинани олиб бўлгандан кейин, дадаси ҳам ишсиз қолмаслигига кафолот йўқлигини сездик. Ўша ҳолатда ҳам улар Москвада туриб ҳаракат қилдилар, мен ҳам нимадир қилишим кераклигини ўйлардим. Бу ёқда машина уйда бекор турибди. Машина ҳайдашни ўрганишга киришдим.
– Таксида ишлашнинг қулайлиги нимада экан?
– Ўтириб пул топасиз.
Иккаламиз бараварига кулиб юборамиз. Кейин Наргиза сокин тортади:
– Отам раҳматлик ёшлигимизда ўтиб кетган. 32 ёшида бева қолган онам олти болани оёққа қўйиш учун ўзини ўтга-чўққа урди. Ўзим ҳам 7-синфимдан бозорда савдо қилганман, мактабдан кейин тўғри бозорга ўтган кунларим кам эмасди. Магазинда ҳам турганмиз. Сомсахонани ҳам йўлга қўйганмиз... Онам ўтган йили 61 ёшда оламдан ўтдилар.
Қийинчиликлар аёлни эрта қаритар эканми? Бошимдан кечирганларим мен учун катта мактаб! Бажарган ишларим билан қиёслаганда рулда бўлиш мен учун қийин иш эмас.
«Яндекс»нинг ҳайдовчи учун аниқ қулайлиги – мижоз билан савдолашмайсиз! Хизмат ҳақини тизим ўзи чиқариб беради, мижоз пулини тўлайди. Яхши ишласангиз, рейтингингиз баланд бўлса, бонуслари бор, қўшимча тўлов берилади. Аёл ҳайдовчи учун энг муҳим қулайлиги эса – иш жадвалингизни ўзингиз белгилайсиз. Масалан, мен таксида пул топаяпман деб рўзғорим, болаларимни ташлаб қўймайман. Болани врачга олиб бориш зарурати бўладими (кеча кичкинам футбол ўйнаётганда йиқилиб, елкасини жароҳатлабди), ота-оналар мажлисими ё бошқа ҳолатларда «Яндекс» тизимини ўчириб оилавий масалалар билан шуғулланавераман.
– Ноқулайлиги-чи, ноқулайликни ҳам ҳис қиласизми?
– Аввалига ҳамма ҳар хил тушунади, деган ўй мени тинч қўймасди. Лекин, бугун ишонч ҳосил қилдим. Интернет орқали буюртма бердими, у инсон оми, дунёбехабар эмас, меҳнат қилиб пул топаман деган аёл бу кимгадир ўлжа бўлмаслигини яхши тушунадиган инсон. Ундан кейин борар манзилингиз, буюртма берган шахс маълумотлари ўша заҳотиёқ тизимда қайд этилади. Таксичи аёлми, эркакми, аввало ана шу жиҳатдан хавфсизлиги таъминланади. Ишга эркакларга хос кийиниб чиқаман. Сочни йиғиштириб, кепкани бостириб кияман, кўзда кўзойнак. Бир қарашда кўпчилик аёл кишилигимни илғамайди ҳам. Машинага чиқаётганда «саломалейкум ака... и-и-е-е... узр, опа...» дейилган жойлар кам эмас.
– Мен ноқулайлик деганда йўлда машинанинг бузилиб қолиши каби ҳолатларни ҳам назарда тутгандим...
– Қишлоқда, темир-терсак орасида катта бўлганман. Акамлар, укамлар – ҳаммаси техника билан. Оилада 4 ўғил ва 2 қизмиз. Эсимни танибманки, уйимизда трактордан тортиб комбайнгача турарди. Улар табиийки, бузиларди ҳам. Созлашганда, «у калитни бериб юбор, бунисини узат» дея, уларнинг атрофида айланиб юрганмиз. Биргаликда итариб, юргизганмиз. Ўзи ёшлигимда велосипед ҳайдардим. Хуллас, машинада унча-бунча носозликни ўзим тушунаман...
– Ҳар куни турфа одамлар билан дуч келиш, уларни кузатиш руҳий дунёнгизга нималардир берадими, нималарнидир ўзингизча кашф қиласизми?
– Албатта. Ҳар бир йўловчи – бир дунё. Шифохонадан хаёли паришон чиқиб, боласига телефонда «Мен магазиндан чиқдим» деган она, машинангизни сариққа бўясангиз эди деб ийманиб гапирган келин, аскар ўғлини кўришга бораётган ота... уларнинг ҳаммаси мени катта дунёга етаклади, десам бўлади. Майда-чуйда гаплардан узоқлашганман. Йўловчилар ҳам ўзларича сиз айтгандек нимадир «кашф» қилгилари келади шекилли «эркакнинг ишини қилиш қийин эмасми?» деб сўрашади. Мен эса «аёллар ишини қийналмай бажараётган эркаклар ҳам бор-ку» дейман. Машинага аёллар чиқса, кўп ҳолларда қувонганини яширишмайди. Бир пасда эмин-эркин суҳбатга киришишади. Ўранган опа-сингиллар орасида рўмолини бир пасга тушириб қўядиларни кузатаман. Эрлари узоқда ишлаётган ёки шу ерда бўлса ҳам рашкчироқ бўлганларнинг аёллари, қизлари телефон рақамимни олиб қолишади. Улар дам олиш кунимни билиб, чақиришади. Масалан, бозорга олиб бораман. Кутиб ўтираман. Бир дунё нарса кўтариб чиқади. Уйига олиб бораман. Кутиб ўтирганимга ҳам пул беради. Худди шундай клиника, салон, ателье, совчилик дейсизми, хуллас, эркаклар тоқати етмайдиган юмушдан мен баҳра оламан. Шунда мен аёлларга керакман, деб айтаман.
– Сиз каби аёл таксичилар Самарқандда яна борми?
– Мен танимайман. Ким минсаям, «бошқа жойларда, Туркияда, Россияда, Тошкентда аёл киракашлик қилганини кўрганман, лекин Самарқандда биринчи марта кўришим» деб айтишади.
– Кўнглингизга озор берилган ҳоллар ҳам бўлганми?
– Масалан, буюртма берилади. Манзилга етай деган жойда рад тугмасини босиб қўяди. Ваҳоланки, Самарқанд йўлларидаги мунтазам таъмирлашлар, бунинг ортидан тиқилинч ҳолатларни, автомобиль қаерда ва қандай ҳаракатланаётгани картада кўриб туриш мумкин. Шунда раҳбариятмиз ҳайдовчиларга таскин бериб, тўлалигича онлайн тўловга ўтганда бундай ҳолатларда ҳам пул ечиб олинишини айтади. Лекин мижоз рад қилгани менинг ишимдан норозилигини англатмайди. Балки режаси ўзгариб қолгандир...
– Самарқандда ҳайдовчиларнинг ўзаро муносабатлари ҳам ҳамма вақт ҳам силлиқ кечмайди...
– Онда-сонда бўлса ҳам учраб туради. Машинани сиқиб, қувиб ўтишган ҳоллар ҳам бўлди. Сиқиб келиб, сигнал чалиб, ойнасини тушуриб энди ёмон гап гапирмоқчи бўлганда, аёл кишилигимни кўриб ўзларини орқага ташлайди. Бир-бирларига «Опа экан-ку», «Ойти будас, мард шав» деганлари қулоққа чалинади.
– Йўл-траспорт ҳолатига дуч келган пайтларингиз ҳам бўлганми?
– Бўлди. Унчалик қўрқинчли эмас эди-ю лекин барибир авария эди-да. Биринчи ўша «Матиз» олган вақтимда Самарқанд шаҳрида бўлганди. Очиғи, ўзимнинг хатоим туфайли юз берганди. Кетадиган йўлингизда ҳеч қачон ўнг томондан қувиб ўтиш мумкин эмас. Чап томон асосий йўл. Ўнг томонда қувиб ўтган жойимда тўқнашганмиз. Ўзимга зарар етмаган бўлса ҳам ойналар синган. Шу жойда келишиб тарқаганмиз.
– Ҳайдовчиларнинг аксарияти «ГАИ» ходимларига антипатия билан қарашади. Сизда шу кайфият йўқми?
– Фаолиятимни янги бошлаган вақтда, ўхшайдими-ўхшамайдими дея лицензия олмаган эдим. Шу ҳолатда машинани эвакуаторга ортиб кетиб, ҳайдовчига 5 млн сўмдан ортиқ жарима солиши мумкин эди. Текширишганда, «аёл киши экан, шаҳарда неча йилдан буён биринчи марта аёл таксичи учраяпти» деб қўйиб юборишган. Шундан буён уларни ҳурмат қиламан. Автомобилни бошқариш бўйича ҳам жаримага тушмасликка ҳаракат қиламан.
– Самарқанднинг таъмирсиз, ўнқир-чўнқир йўллари ҳам кам эмас. Шунда қийналмайсизми?
– Иложи борича шунақа кўчаларни четлаб ўтишга, узоқроқ бўлса ҳам текис йўллардан юришга ҳаракат қиламан.
– Яхши, қулай деяпсизу, мунтазам руль бошқариш ҳам одамни чарчатиб юбормайдими?
– Ҳамма гап шундаки, мен икки кун таксидаман, икки кун Самарқанддаги “Silk Road” – “Буюк Ипай йўли” сайёҳлик мажмуасида стюарт сифатида ишлайман. Опам Тайлоқ туманига тушган. Бу ерда опам билан (Намунали ходим бўлгани учун Нодира Ўтаева деса кўпчилик танийди) бирга ишлаймиз. Стюарт содда тилда айтганда ошпаз ёрдамчисининг ёрдамчиси. Ундан кейин Челакдаги туғруқхонада чорак ставкада санитаркаликни ҳам сақлаб қолганман. 15 кунда бир тўғри келади. Ўн йиллик жамоамдан кечолмадим.
– Омадингизни берсин! Оқ йўл!
Мустаҳкам Тангриёрова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter