Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир ҳокимнинг аудиоси тарқалди

Яна бир ҳокимнинг аудиоси тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг расмий баёнотига кўра, Тошлоқ тумани ҳокимига мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувнинг ҳақиқатдан туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевга оидлиги аниқланди.

Аудиоёзувда қайд этилган мулоқотнинг ўтган 2021 йил кузида пахта етказиб бериш мажбуриятларини бажармаётган фермер хўжаликлари билан Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластери раҳбари сифатидаги муҳокамаси чоғида юз бергани маълум бўлди.

«Кластер томонидан пахта мавсуми давомида қилинган турли харажатлар ҳамда тўловлар ҳисобига фермер хўжаликларининг катта миқдорда қарздорлиги мавжуд бўлгани ҳамда далада пахта мавжуд бўлишига қарамай баъзи фермерлар уни териб топшириш ҳисобига қарздорликни сўндиришга ҳаракат қилмаётгани Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг этикага мос бўлмаган ҳақоратли иборалардан фойдаланишига сабаб бўлгани тасдиқланди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан зўравонлик, сўкинғочлик сиёсати эски даврда қолгани, ҳеч ким бировни ҳақоратлашга, шахсиятига тегишга ҳаққи йўқлиги, раҳбар ҳар ишни қонун доирасида бажариши кераклиги лозимлиги, бугунги кун ҳокими ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шартлиги қайд этилади», дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, тарқалган аудиоёзувдаги ҳолат бир йил олдин бўлиб ўтганига, Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг ундаги иштироки Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластери раҳбари сифатида бўлишига қарамай, айни пайтда туман ҳокими бўлиб турган раҳбарнинг бундай муомаласи давлат хизматчиси этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланган.

Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевга «ҳайфсан» эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовнинг аудиоси тарқалган, ушбу ҳолат учун яқинда унга жарима интизомий жазо чораси қўлланилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг