Яна бир ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушди
Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаётган масъул қўлга тушди.
Маълум қилинишича, у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорга енгил типдаги савдо дўкони ўрнатиши учун маҳалла ҳудудидан 5 сотих ер майдони ажратиш бўйича тавсия беришни ва ер майдони ҳужжатларини танишлари орқали унинг номига расмийлаштиришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари олган вақтда ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Аввалроқ Тошкент туманидаги «Зарбдор» МФЙда ишлаган ҳоким ёрдамчиси 30 минг АҚШ доллари олаётганда ушланганди. Шунингдек, Сурхондарё ва Наманганда ҳам ҳоким ёрдамчилари қўлга олинганди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз ҳудудларида «ҳоким ёрдамчилари» шу йилнинг январб ойидан бошлаб расман фаолиятини бошлашганди.
«Уларнинг асосий вазифаси – ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат.
Бунинг учун, ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан «кўмиб ташламаслиги» лозим.
Ҳокимлар улар учун фақат шароит яратиб бериши керак», – деганди давлатимиз раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter