Яман: Яқин Шарқнинг оғриқли нуқтаси
Яманда ҳарбий-сиёсий инқирознинг охири кўринмаяпти. 2014 йилдан исёнчи хуситлар ва амалдаги президент Абд Раббу Мансур Ходи ўртасида давом этиб келаётган можароларга 2015 йил мартида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари қўшилиши билан муаммо янада чигаллашди. Можарога ижобий ечим топмади, аксинча қирғинлар кучайди, қурбонлар ва вайронагарчиликлар кўлами ошди.
Қолаверса, бу давлатда «Арабистон ярим оролида Ал-Қоида», «ИДИШ» каби террорчилик гуруҳларининг ҳам қулай жойлашиб олгани муаммони янада ўткирлаштирмоқда.
Кўп йиллик фуқаролар уруши Яманни деярли икки давлатга бўлиб юборди. Шимол ва Жануб ўртасида қон тўкилиб турганда, Жанубий Ямандаги кучларнинг ҳам ички тарқоқлиги кузатилди.
2017 йилда марказий ҳукуматга бўйсунмас айирмачиларнинг Жанубий ўтиш кенгаши тузилди. Бир муддат улар Яманнинг тан олинган марказий ҳукумати билан биргаликда шиа хусийларининг «Ансар Аллоҳ» ҳаракатига қарши курашда иттифоқчи бўлишди. Бироқ кейин оралари бузилиб, айирмачилар 2019 йилда Адан шаҳрини эгаллаб олишди ва 2020 йилда мамлакатнинг барча жанубий музофотларида ўзини-ўзи бошқариш тартиби жорий этилганини эълон қилишди. Жаҳон ҳамжамияти тан олган ҳукумат эса Саудия Арабистонига қочиб ўтди ва ўша ерда жойлашди.
2020 йил ёзида Саудия Арабистони ташаббуси билан Яманда узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган можарони ҳал қилиш бўйича ташаббуси Марказий ҳукумат ва Жанубий ўтиш ҳукумати томонидан маъқулланди.
Бу режага кўра, ўт очиш тўлиқ тўхтатилиб, Яман жанубида эълон қилинган мухториятдан воз кечилади, Адан шаҳрида губернатор ва хавфсизлик бўйича раҳбар тайинланади, Бош вазирга янги ҳукуматни шакллантириш ваколати берилади.
30 декабрда вақтинчалик пойтахт бўлган Адан аэропортида юз берган кучли портлаш натижасида 26 киши нобуд бўлди ва юздан ортиқ киши жароҳатланди. Бу вақтда Саудияда шакллантирилган янги ҳукуматнинг деярли барча аъзолари аэропортга келиб қўнишган, ҳали самолётдан тушишга улгуришмаган ҳам эди.
Мутахассислар фикрига кўра, террорчилик ҳаракатлари янги ҳукуматнинг иш бошлашини истамаган ва уларга суиқасд қилишни кўзлаган кучлар томонидан амалга оширилгани шубҳа йўқ. Улар бахтига, бирорта вазирлар зиён кўрмади.
Янги ҳукумат бу хунрезлик ортида ҳанузгача пойтахт Санани ва шимолий музофотларни эгаллаб келаётган исёнчи хуситларни айблади. Бироқ ҳаракат вакиллари бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, балки уни «Ямандаги турли гуруҳлар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги низо оқибати», деб баҳолади.
24 нафар аъзодан иборат Ҳукуматга жанубликлардан 5 та вазир киритилган. Ҳукумат Саудия пойтахти Риёз шаҳридаги қароргоҳида жойлашган Яман президенти Абд Раббу Мансур Ходи олдида қасамёд қабул қилган.
Аҳоли ва болалар қийналмоқда...
БМТ маълумотларига кўра, охири кўринмайдиган можаролар оқибатида 24 миллион аҳоли гуманитар инқироз ёқасида яшамоқда.
Амалдаги президент Абд Раббу Мансур Ходи жанобларини гарчи Саудия Арабистони ва БАА бошчилигидаги араб давлатлари коалиция қўллаб-қувватлаб келаётган бўлса ҳам, у кутилган натижага эриша олмаяпти ва аҳоли ўртасида ҳам рейтингни тушиб кетган.
Шимолий Яманга доимий равишда коалиция кучлари томонидан доимий равишда авиазарбалар берилишига жавобан хуситлар Саудиянинг Яман билан чегара ҳудудларини, жумладан аэропортлар, нефть объектларини, портлардаги танкерларни, Жанубий Ямандаги ҳарбий нишонларни доимий равишда ўққа тутмоқда. Бу мақсадда ҳатто учувчисиз учиш қурилмаларидан, қанотли ракеталардан ҳам фойдаланмоқда.
АҚШ, Исроил, араб давлатлари ва ЕИ Эронни хуситларни фаол қўллаб-қувватлаб келаётганликда айблайди. АҚШ ҳатто «Ансар Аллаҳ» ҳаракатини террорчилик ташкилоти сафига қўшиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.
БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукокнинг айтишича, Яман «мамлакатда фуқароларнинг очликдан оммавий қурбон бўлишининг олдини олишга қодир эмас».
2018 йилда деярли 18 миллион ямманликни озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлашнинг уддасидан чиқилмаган эди. Ўшанда аҳолининг 8 миллиондан зиёдига «фавқулодда бирламчи маҳсулотлар ёрдами» талаб этиларди.
БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурлари ҳисоботида келтирилишича, Яман ёшларнинг қорни тўйиб овқат емаслиги кўрсаткичи бўйича жаҳонда энг юқори ўринда. Очликни бошидан ўтказган болалар келгусида соғлом авлодни дунёга келтиришга қодир эмас, бу уларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Қолаверса, араб давлатлари коалицияси ҳам мамлакатни блокада қилгани очликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.
Глобал пандемия сабабли эса халқаро донорлик ёрдами ҳам 2019 йилдаги 3,6 миллиард доллардан ўтган йили 1,3 миллиард долларга тушиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, 1839 йилдан Британия назорати остида бўлган Жанубий Яман 1967 йилда мустақилликни қўлга киритган. Шу вақтдан у собиқ СССРнинг кўмагига ва унинг сиёсатига хайрихоҳлигини эълон қилди. Барча портлар, аграр соҳа, саноат корхоналари, заводлар, уйлар ва бошқа объектлар давлат ихтиёрига ўтказилди. Бу ерда минглаб совет Иттифоқи мутахассислари фаолият олиб борди.
Шимолий Яман эса 1918 йилда Усмонийлар империяси тарқаб кетиши билан мустақил бўлиб олган эди.
1990 йил 22 майда Яман Араб Республикаси ва Яман Халқ демократик Республикаси бирлашиб, улар ўрнига ягона Яман Республикаси ташкил этилди. Унинг раҳбари этиб Шимолий Яман президенти Али Абдалла Солиҳ тайинланди.
1994 йилда бошланган айирмачилик ҳаракатлари натижасида Шимол ва Жануб армияси ўртасида қуролли кураш бошланди ва шимолликлар ғалаба қозонди. Шундан буён мамлакат жанубидаги аҳоли ўз мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида ҳаракат қилиб келмоқда. Ташқи кучларнинг аралашуви эса бу ерда вазиятни издан чиқариб юборди.
Чарос Қосимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter