Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразмлик профессор текин хомашёдан миллионлаб даромад олиш технологиясини ўйлаб топди

Хоразмлик профессор текин хомашёдан миллионлаб даромад олиш технологиясини ўйлаб топди

Фото: Uzlidep.uz

Чигитдан ёғ олиш мумкинлигини эшитгансиз, тўғрими? Халқ тилида «оқ ёғ» деб айтадиган мойимиз – чигитдан олинади. Чигитдан чорва учун озуқа олинишини янгилик эмас. Шрот, кунжара, шулха каби озуқаларнинг «онаси» чигит эканини ҳаммамиз яхши биламиз.

Аммо шу пайтгача чигитдан саноат учун энг керакли бўлган маҳсулот — битум олиш ҳақида эшитмагандик. Кафолат бериб айтамизки, бу сиз учун ҳам янгилик. Бу ҳақида америкалик Том тоғамиз ҳам, британиялик Девид ошнамиз ҳам, россиялик Иван дўстимиз ҳам билмайди. Чунки бу – янги, инновацион технология. Не тонгки, бу технологияни яратган инсон сиз ва биз билан ён-ён яшаяпти, чигитдан битум олаётган корхона — «Xorezm anticor invest» ҳам ўзимизнинг Хоразмда фаолият кўрсатмоқда.

Ғарбнинг тушига кирмаган кашфиёт

– Бугунги кунда нефт асосида ишлаб чиқарилаётган битумнинг сифати тез бузиляпти, – дейди чигитдан битум олиш технологиясини кашф этган ватандошимиз, техника фанлари доктори, профессор Мақсуд Жуманиязов. – Чунки бутун дунё бўйича нефтнинг нархи кун сайин қимматлашиб бормоқда. Бу эса қурилишбоп маҳсулот – битумнинг ҳам таннархини оширмоқда. Натижада битум ишлаб чиқараётган корхоналар маҳсулот таннархини пасайтириш учун нефт маҳсулотларидан камроқ фойдаланишга мажбур бўлишаётир. Ана шу «тежамкорлик» нефт асосида тайёрланаётган битумнинг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Буни кечагина қурилган уйларнинг нураган пойдевори ва асфальт қилинган кўчаларнинг 4-5 йилдан кейин яроқсиз аҳволга тушиб қолаётганини кўрган ҳар бир одам янада теранроқ англайди.

Энди чигитдан битум олиш технологияси ҳақида икки оғиз сўз. Мазкур технология Хоразм давлат университети профессори Мақсуд Жуманиязовнинг изланишлари маҳсули. Узоқ йиллик тадқиқотларидан сўнг олим чигитдан ёғ олишда чиқадиган энг сўнгги чиқинди — пахта гудрони (Госсипал смоласи)дан унумли фойдаланиш усулини ўйлаб топди. Дарвоқе, шу ўринда пахта гудрони ҳақида қичқача маълумот берамиз. Пахта гудрони – ёғ кислоталари олиш жараёнида ҳосил бўладиган кўп минг тонналик чиқинди. Мазкур чиқинди шу пайтгача саноатнинг бирор бир турида ишлатилмаган. Минглаб тонна Госсипал смоласи ахлат уюмларини ташкил этиб, жамият учун ҳам, табиат учун ёқимсиз манзара касб этарди. Ажабланарлиси шундаки, хорижда ҳам пахта гудронидан самарали фойдаланиш технологияси кашф этилмаган. Илм-фаннинг барча соҳаларида илғор бўлган Ғарб олимлари ҳам Госсипал смоласини қурилиш учун хомашё эканини етти ухлаб тушида кўрган эмас.

Миллион-миллион валюта чўнтагимизда қолади

– Нефтсиз қурилиш битумлари ишлаб чиқаришни биринчи бўлиб амалиётга жорий этдик, – дейди М.Жуманиязов. – Бу ихтиромиз мамлакатимиз қурилиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этади. Қурилишда энг кўп ишлатиладиган битум нархининг бир неча марта арзонлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, мазкур технология мамлакатимиз валюта захирасини тежашнинг ҳам муҳим кафолати. Чунки шу пайтгача йилига 300 минг тонна битум четдан импорт қилинарди. Энди эса бунга ҳожат қолмайди. Битум учун сарфланаётган миллионлаб валюта чўнтагимизда қолади.

Ихтиронинг яна бир аҳамиятга молик жиҳати бор. Ҳозирги кунда республикамиз ёғ-мой комбинатларидан чиқаётган госсипал смоласи қўшимча экологик муаммоларни ҳам туғдирмоқда. Мазкур кашфиёт экологик муаммоларни бартараф этиш имконини ҳам яратмоқда. Ёғ-мой комбинатларини чиқиндисиз корхоналар қаторига қўшяпти.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга республикамизда ҳам хорижда ҳам талаб катта. «Xorezm anticor invest»да ишлаб чиқарилган битумлар 2010-2015-йилларда ўтказилган «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар» республика ярмаркасида намойиш қилинди. 2015 йилда ушбу маҳсулотни етказиб бериш бўйича 500 млн. сўмдан ортиқ шартнома имзоланди. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг 100 дан ортиқ қурилиш ташкилотларига «Xorezm anticor invest» корхонасида ишлаб чиқарилган битум маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Хоразм битуми Чехия ва Сингапурга экспорт қилинмоқда

Сарлавҳани ўқиб, «текин хомашёдан ҳам экспортбоп маҳсулот тайёрласа бўларканми?» деб ўйлаётган бўлишингиз табиий. Биз ҳам бунга дастлаб шубҳа қилган эдик. Кейин «у ёқ, бу ёқдан суриштирдик». «Xorezm anticor invest» корхонасининг хорижга маҳсулот экспорт қилаётганини партия Хоразм вилоят кенгашидагилар ҳам, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳам тасдиқлашди. Гап шундаки, 2010-2015 йилларда мазкур корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотларини «Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржа»да намойиш қилган. Айнан шу ярмарка Мақсуд Жуманиязов маҳсулотларини дунёга танитди. Натижада 2016-2017 йилларда Чехиянинг «Eriell Corporation» ва Сингапурнинг «ENTER Engineering Pte. Ltd.» компаниялари билан шартнома имзоланди ва маҳсулотларни етказиб бериш бошланди.

Халқаро ярмаркада қатнашган ҳамма корхона ҳам маҳсулотини хорижга экспорт қилолмайди. Буни ишлаб чиқаришдан хабари бор ҳар бир киши яхши англайди. Боз устига, хорижлик тадбиркорнинг таби нозик. У ҳам арзон, ҳам сифатли маҳсулотни қидиради. Шунинг учун ҳам чех ва Сингапур тадбиркорлари «Xorezm anticor invest» корхонаси маҳсулотларини танлади. Чунки Хоразмда ишлаб чиқарилаётган битум арзонлиги билан бир қаторда халқаро сифат индексига ҳам мос. Госсипал смоласи асосида ишлаб чиқарилаётган битум учун ISO 9001:2009 (ISO 9001:2008) сифат сертификатига эга. Айни шу икки омил Мақсуд Жуманиязов корхонаси маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Чехия ва Сингапурдан кейин Хитой, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Афғонистондаги қурилиш ширкатлари Хоразмдаги корхонадан арзон битум олишга буюртма берди.

Хоразмдаги корхона фаолияти билан танишар эканмиз, Президентимизнинг инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлашга бағишланган ҳар бир чиқишлари, фикр-мулоҳазалари нақадар аҳамиятли эканини яна бир карра ҳис этдик. Ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш моҳиятини янада теранроқ англадик. Яна англаганимиз шу бўлдики, инновацион ғоя текин хомашёдан ҳам катта даромад олишни ўргатади. «Xorezm anticor invest» корхонаси фаолияти билан танишсангиз, сиз ҳам бунга ишонч ҳосил қиласиз.

Ҳасан Саломов,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг