Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразм ХТБга савол: раддиями ё беркинмачоқ?

Хоразм ХТБга савол: раддиями ё беркинмачоқ?

Фото: «pohorony.com.ua»

Кўп эмас, икки кун аввал сайтимизда «Қадр ва кадр. Ёки вазирлик «парол»ни тушунмабдими?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Бир кунда шу мақолага муносабат билдирилсами?! Бундай тезкор муносабат олқишга лойиқ — агар мавжуд тартиб-таомилга риоя қилинганда! Муносабат билдиришда тартибга риоя қилинмаслик эса ёш болаларнинг беркинмачоқ ўйинини эслатади, холос.

Ҳолатни очиқласак: «Қадр ва кадр. Ёки вазирлик «парол»ни тушунмабдими?» мақоласида Хоразмнинг Янгиариқ тумани халқ таълими бўлимида кадрларни жой-жойига қўйиш масаласи қаламга олиниб, бу жараёнда тасаввурга сиғмас «ўйинлар» аниқ мисол билан ёритилганди. Яъниким, тизимдаги ислоҳотлар баҳонасида ўн йилдан кўп тажрибага эга педогог-психолог Гулруҳ Ибрагимова ХТБ методист-дефектолог лавозимидан бўшатилиб (тўғрироғи, қисқартирилиб), ўрнига асли мутахассислиги кимё-технология муҳандиси бўлган ва 4 ойлик ўқув курсида (?!) ўқиб, психолог сертификатини олган шахс тайинлангани қайд этилганди. Ваҳоланки, Халқ таълими вазирлигига кўра, (вазирликнинг 2019 йилнинг 1 ноябрдаги 06-06/1-3117 сонли хатини эсланг!) ушбу лавозимга 5 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга соф педогог психолог тайинланиши мақсадга мувофиқ эди!

Таълим тизими бугун жамиятнинг энг орғиқли нуқтаси экани маълум. Малакали кадрларга бўлган эҳтиёж тизимида ҳар қачонгидан зиёдаки, шунга қарамай Хоразмда тажрибали мутахассис «қисқартирилиб», ўрнига номутахассис (ўқув курси сертификатининг қуввати дипломга билан баробар эмас-да!) тайинланиши соғлом ақлга тўғри келавермайди. Бундан наинки муайян шахслар, балки бутун тизимга зарар етишини англаш учун катта ақл шарт эмас. Қолаверса, айни жараёнда мутахассис (Г.Ибрагимова)нинг меҳнатга оид ҳуқуқи ҳам бузилганини таъкидлаш ҳам ортиқчалик қилмайди. Қонунга (Меҳнат кодекси) кўра, қарамоғида икки  ва ундан ортиқ нафар киши бўлган ва оиласида ундан ортиқ иш ҳақи олувчи шахслар бўлмаган ходимга афзаллик берилиши аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган. Г.Ибрагимованинг қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор...

Қисқаси, мазкур мақолага Хоразам  вилоят халқ таълими бўлими «раддия» берибди денг.  Қизиғики, эътироз бизга тўғридан тўғри билдирилгани йўқ. Сарлавҳасигина «раддия» бўлган матн Хорзам вилоят халқ таълими бошқармасининг «Телеграм» ижтимоий тармоғидаги ўз каналида эълон қилинибди.

«Раддия»да мақолада кўндаланг қўйилган бирорта саволга жавоб йўқ, жайдари тилда айтсак, «арава қуруқ олиб қочилган», холос.

Бу нима, «Xabar.uz»дан мушт еган жойига ўз ахборот ресурси орқали «шўрпахта» қўйишми? Ёки вазиятдан чиқиши учун ўйналаётган «беркинмачоқ»ми бу? Йўқса, нега «раддия» тўғридан тўғри «Xabar.uz»га тақдим этилмай, бошқарманинг «Телеграм»даги каналида эълон қилинди? Тартибга кўра, эътирозлар  мақола чиққан ОАВга тақдим этилиши, агар (ОАВ) «раддия»ни чоп этишдан бош тортса, судга мурожаат қилинмайдими?

«Раддия»да ёзилади: «... сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби таълим соҳасида ҳам бир қатор ислоҳотлар ўтказилиб, ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда». Қўшиламиз. Фақат оғриқлиси шундаки,  тизимда кадр танлашда унинг салоҳиятига эмас, бошқа омилларига эътибор қаратилаверар  экан, ислоҳотларга тушов тушаверади...

Вассалом.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг