Хивада Халқаро бахшичилик фестивали бошланди (фото)

Хива шаҳрида 26-28 апрел кунлари IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида «ll Туркий дунё маданияти форуми» ҳамда «Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 200 га яқин вакил иштирок этмоқда.
Россия, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илм масканларидан ташриф буюрган таниқли фолклоршунос олимлар бахшичилик санъати тарихи ва жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ҳақида маъруза қилдилар.
«Халқ ижодининг нодир дурдонаси, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг юксак намунаси ҳисобланган бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш бугунги кун учун жуда зарур.
Бундай халқаро тадбирлар эса бахшилар томонидан ижро этилаётган ижод намуналарнинг ҳудудий, локал хусусиятларини инобатга олган ҳолда кенг тадқиқ этилишига, бахшичилик санъатининг тарихий илдизлари, тараққиёт босқичлари ва бадиий хусусиятлари тадқиқига бағишланган илмий ишланмалар, монографиялар яратилишига сабаб бўлади», — деди ўз кириш сўзида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Анжуман доирасида ташкилий қўмита томонидан яратилган «Бахши айтимлари» тўплами тақдим этилди. Тақдимот халқаро илмий анжуманнинг ижодий чўққиси ва илмий янгилиги бўлди.
«Бахши айтимлари» тўплами 100 ададда чиқарилган, ҳар бир халқ достони ва терминлар қайси вақтда ижро этилиши, унинг инсон руҳиятига ижобий таъсири тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган «Қўллаш бўйича йўриқнома» ҳам анжуман иштирокчиларига тарқатилди.
Анжуманда мамлакатимизнинг олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган фолклоршунос олимлар, бахшичилик ва халқ оғзаки ижоди масалаларига қизиқувчи тадқиқотчилар ҳам соҳага алоқадор илмий-назарий мақолалари билан иштирок этишди. Тадбир якунида ҳар бир иштирокчи маданият вазирининг халқаро сертификати ва конференция ташкилий қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter