Хитой ва унга қўшни мамлакатларда кучли зилзилалар юз бериши мумкин

Мянмадаги зилзила оқибатлари.
Хитой сейсмологлари тадқиқот ўтказиб, мамлакатда ва унга туташ ҳудудларда кучли зилзилалар юз бериши эҳтимоли юқорилигидан огоҳлантиришди.
South China Morning Post газетаси ёзишича, Пекин зилзилалар бўйича агентлиги катта муҳандиси Чжу Хунбин бошчилигида ўтказилган тадқиқотга кўра, Хитой ва қўшни ҳудудларда яқин йилларда Мянмада юз берганга ўхшаш кучли ер ости силкинишлари содир бўлиши хавфи бор. Олимлар 1879 йилдан буён қайд этилган 150 га яқин ер қимирлашини таҳлил қилишди ва зилзилаларнинг олтита асосий фаоллик даврини ажратишди.
«Айни пайтда минтақада янги сейсмик фаоллик даврига ўтиш бошланган бўлиши мумкин», — дейишмоқда тадқиқотчилар.
Уларнинг фикрича, кучланиш майдони шимоли-шарққа бурилиши мумкин, шу боис Хитойнинг Сичуан, Юннан провинциялари ҳамда Ҳимолай ҳудудларида кучли ер ости силкинишлари эҳтимоли ошган.
Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Мянмада сўнгги 80 йилдаги энг кучли — магнитудаси 7,7 баллга тенг зилзила юз бериб, минглаб одамлар қурбон бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter