Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хайриядан ҳам «чўтал» олинадими?

Хайриядан ҳам «чўтал» олинадими?

Фото: Xabar.uz

Пандемия дунёни бир қалқитгани рост. Тебранишлар давом этмоқда. Бу балонинг охири қачон – ҳатто башорат қилиш қийин. Хуллас, йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайтлар эшик қоқишни бошлади...

Бухородаги табиий офат, Сардорба фожиасидан (бу балолар қўшалоқ бўлди-да, афсус) аввал, яъниким, юртимизда пандемия бошланган заҳоти давлатимиз самарали чора-тадбирлар кўришга тушди. Аҳоли саломатлигига қўшиб ижтимоий муҳофазаси ҳам эътибордан четдан қолмадики, бу халқаро даражада ҳақли эътирофини топмоқда. Камхарж, даромад манбаидан айрилган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш борасида озмунча ишлар қилиняптими?! Айни жараёнда турли корхона-ю ташкилотлар, тадбиркор-у серҳиммат инсонлар ҳам қараб туришгани йўқ. Хайрли тадбирлар давом этмоқда.

Салкам икки ойдирки, пандемия пайтида жорий этилаётган тартиб-қоидалар, амалга оширилаётган ишлар, шунингдек фуқаролардан келиб ташаётган саволларга мутасадди ташкилотлар вакиллари АОКА ҳузурида ташкил этилган Штабда тўхтовсиз ахборот бериб турибди.

Ўтган ойнинг 20-санасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси масъули чиқиш қилди. Масъул карантин пайтида маъмурий жарималар, алимент тўловларини ундирилишига оид саволларга гоҳ аниқ, гоҳ мавҳум жавоб бериши жараёнида МИБ ҳам «кўпга келган тўй»да бир четда турмаёгани, жойлардаги кам таъминланган оилаларнинг электр энергия ва табиий газдан бўлган қарзларини саховатпешалар ёрдамида қоплаш чоралари кўрилаётганини мамнуният билан қайд этди. Гапига тасдиқ сифатида ҳозирга қадар (яъни, 20 апрелгача) 2 мингдан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларнинг «...жами 426 млн. сўмдан зиёд қарздорликларини бартараф этиш ва бошқа амалий ёрдамлар кўрсатиш билан боғлиқ саховат тадбирлари ташкил» этилганини келтиради.

Офарин. Гап йўқ.

Ўтган бир ой давомида бу борадаги ишлар кўлами янаям ошган бўлса керак.

МИБ мутасаддиларининг хайрли ишларини эътироф этган ҳолда масаланинг нозик нуқтаси ҳақида тўхталиш керакка ўхшайди.

Гап шундаки, кам таъминланган фуқароларнинг энергия ресурслардан бўлган қарздорлиги – муддати ўтган қарзлар сирасига киради. Вақтида амалга оширилмаган тўлов учун ижро жараёнида қарздордан қарз суммасининг 1 фоизи миқдорида «ижро йиғими» ундирилади. Бир фоиз «белни чиқарармиди?!» дейишга шошманг. Кам таъминланган фуқароларнинг қарздорлиги шундоғам ҳомийлар ҳисобидан қопланаётган экан, шундан ҳам «ижро йиғими» ундириш қанчалар мақсадга мувофиқ? Бу МИБчилар ўзлари ташкил этган саховат тадбирларидан «чўтал» олаётганига ўхшаб қолмаяптими? Тома-тома кўл бўлур, деган гап бежиз эмас. Мана, ўтган ойда ҳомийлар ёрдами билан жами 426 млн. сўмдан ортиқ қарздорлик ёпилибди. Бу миқдорнинг 1 фоизи 4 миллион 260 минг дегани. Икки, уч ойда-чи? Ундирилаётган ижро йиғимлари яна қанча таъминланган оилаларнинг мушкулини осон қилиши мумкин?

Тўғри, ижро йиғими – МИБ катталари ўйлаб топган нарса эмас, у қонун билан («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлари ҳужжатларини ижро этиш тўғгрисида»ги қонун, 77-1-модда) тартибга солинган. Бироқ ҳозирги оғир шароитда аҳоли муҳофазаси учун қанча қонун ва тартибларга мораторий эълон қилмаганми?

Мажбурий ижро бюроси мутасаддилари айни масала устида бош қотириб, тегишли таклиф билан керакли жойга чиқиши керакка ўхшайди. Йўқса, ҳомийлик маблағаридан (!) ҳам ижро йиғими ундиришдек мантиқсиз амалиёт давом этаверади. Зеро, саховатдан мурод – савоб. Савоб эса чала бўлмаслиги керак. Айниқса, бугунги кунда!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг