Хайрия қилиш мажбурийми?
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда хайрия масаласи энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулар қаторида турибди. Жумладан, фуқароларимиз маълум тоифа ёки касб эгаларининг хайрия жараёнида етарлича фаол эмаслигини танқид остига олмоқдалар.
Ушбу масала ижтимоий аҳамиятга эга бўлганлиги ва айни кунларда ўта долзарб эканлигини ҳисобга олиб, Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими қуйидагиларни фикрларни маълум қилди.
Биринчи, масаланинг ҳуқуқий жиҳати. «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунда «Юридик ва жисмоний шахслар ҳомийликни ихтиёрий равишда ҳамда монеликсиз амалга оширишга ҳақли» деб қайд этилган. Худди шундай, Фуқаролик кодексининг 511-моддасида «Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди» дейилган.
Юқорида келтирилган нормалардан ҳам кўриниб турибдики, хайрия фаолияти ихтиёрий тарзда амалга ошириладиган жараёндир ва ҳеч бир юридик ёки жисмоний шахсни турли ижтимоий босимлар ёки бошқа усуллар билан ҳомийлик фаолиятига мажбурлаш мумкин эмас. Шу билан бирга қонунларимиз ҳар бир шахснинг ўз меҳнати билан эришган моддий воситаларини қонунларда белгилаган талабларга риоя этган ҳолда эркин тасарруф этишини кафолатлайди.
Иккинчи, масаланинг ахлоқий жиҳати. Бировни хайрия қилмаганликда айблаш ва буни ёмон иш сифатида муҳокама қилиш умуминсоний ва миллий ахлоқий-этик принципларга мос эмас. Чунки хайрия қилмаслик айб эмас, жиноят ҳам эмас. Энг муҳими, ҳеч ким бирон шахснинг аслида хайрия қилган-қилмаганини аниқ билмайди ҳам. Чунки кўпчилик хайр-эҳсон қилганда манманлик, мақтанчоқликдан йироқ бўлиш учун уни оммага маълум қилмай, яширин тарзда амалга ошириши мумкин.
Санъаткорлар ва ёки бошқа тоифанинг хайрия тадбирларидан четда турибди деб айблашимиз уларга нисбатан адолатсизлик ҳамдир. Чунки «Ўзбекконцерт» ташкилотининг берган маълумотларига кўра, санъаткорлар карантин давридан буён 352 млн сўмдан ортиқ маблағни хайрия қилган. Биз бу хайрия тадбирлари яна давом этаётганига ишонамиз. Бир машҳур ривоятда айтилганидек, аслида бизга ёмон кўринган инсон энг яхши ишларни қилаётган бўлиши ва биз бундан бехабар бўлишимиз мумкин. Демак, ўзимиз яхши билмаган маълумотлар асосида, қолаверса қонунан ва маънан ҳаққимиз бўлмаган ҳолда бировларни хайрия қилмасликда айблаш тўғри эмас.
Учинчи, масаланинг диний жиҳати. Инсонлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш, ёлғон ва хато маълумотлар асосида бировларни айблаш ва маломат қилиш Ислом динида ҳам қораланади. Қуръони Каримнинг «Ҳужурот» сураси 12-оятида: «Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», дейилган. Хайр-эҳсон, аввало, Аллоҳ йўлида ва унинг учун қилинади деб ишонади мўмин инсон. Шундай экан, бу Яратган ва бандаси ўртасидаги масала бўлиб, уни бошқалар баҳолаши ва муҳокама қилиши ўринлимикан?
Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, хайрия тадбирлари мураккаб вазиятда инсонларни ўзаро яқин ва бирдам бўлишга, жамиятни янада бирлашишга сабаб бўлмоқда. Бу ижобий ҳолат, чунки жамиятнинг умумий муаммолар қаршисида бирлашуви фуқаролик жамиятининг кучайишига олиб келувчи ижобий омилдир. Бироқ хайрия ихтиёрий тадбир эканини, уни ҳар бир кимса ўз иродаси ва шахсий ташаббусига кўра амалга ошириши лозимлигини, хайрия ҳақида нотўғри мулоҳазалар эса жамият бирдамлигига путур етказишини унутмаслик керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter