Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Хамса» қаҳрамонлари оташпарастмиди ёки мусулмон?

«Хамса» қаҳрамонлари оташпарастмиди ёки мусулмон?

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан Ўзбек Тили ва адабиёти университетида «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди — туркий дунё шеъриятининг фахри, жаҳон адабиётининг чўққиси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Маданият Маркази директори Самир Аббосов тадбир давомида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди адабиётимизнинг фахр-ифтихори, жаҳон шеъриятининг энг гўзал намуналаридан бири эканини алоҳида таъкидлади. Дипломат Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий билан бошланган адабий алоқалар бугунги ҳам давом этаётганини қайд этди.

С. Аббосов буюк Низомий Ганжавийнинг «Хамса» си Ўзбекистонда илк бор нашр этилиб, катта қизиқиш уйғотганини таъкидлаб ўтди.

Озарбайжон Маданият вазирлиги бўлим бошлиғи Акиф Маарифли жаҳон адабиёти тарихига Озарбайжон ва Ўзбекистон буюк шоир ва файласуфлари билан катта ҳисса қўшганини айтиб ўтди. Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийсиз на озарбайжон ва на ўзбек адабиётини тасаввур қилиб бўлади.

Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Низомий Жафаров ўз нутқида Ганжавий ва Навоий мусулмон уйғониш даврининг шоирлари эканига урғу берди. Улар араб фалсафасини ҳам, Абулқосим Фирдавсий бошлаган Шарқ шеъриятини ҳам ҳеч ажратмасдан ўрганган.

«Низомий Ганжавий «Хамса» қаҳрамонларининг аксариятини Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сидан олган. «Шоҳнома» қаҳрамонлари орасида Искандардан бошқа ҳеч бири, Хусрав ҳам, Баҳром ҳам мусулмон эмас, оташпараст бўлган. Низомий Ганжавийнинг қудрати оташпарастларни, яъни Исломга сиғинмайдиганларни мусулмон сифатида тақдим этганлигидадир», — деди академик Жафаров.

Тадбир сўнгида, Озарбайжон Маданият Маркази томонидан Озарбайжон ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг ноёб қўлёзмаларининг электрон нусхалари Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ҳадя қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг