Соврини 50 минг АҚШ долларига тенг халқаро мукофот жорий қилинди
Ҳукумат қарори билан (676-сон, 30.10.2020 й.) Президентнинг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, ушбу мукофот билан математика соҳасида фундаментал ва амалий илмий изланишлар натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимлар (шу жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) якка тартибда тақдирланади.
Мукофот 2 йилда бир марта Президент томонидан Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг (Кенгаш) таклифига кўра қуйидаги 3 йўналиш бўйича берилади:
- фундаментал соҳадаги тадқиқот;
- ёшлар ўртасидаги тадқиқот;
- иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот.
Мукофот билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифлар Ўзбекистон математика жамияти томонидан ўтказиладиган доимий кузатувлар асосида шакллантирилади ва Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.
Вазирлик 1 ой муддатда номзодлар рўйхати ва уларга оид ҳужжатларни ўрганади ҳамда кўриб чиқиш учун мукофот бериладиган йилнинг июнь ойи якунига қадар Кенгашга киритади.
Кенгаш 1 ой муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади ва номзодлар бўйича тақдимнома тайёрлаб, мукофот бериладиган йилнинг 25 августига қадар Президент Администрациясига юборади.
Тақдимнома маъқулланган тақдирда мукофотга сазовор бўлганларга 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги бир марталик пул мукофоти топширилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро мукофот Президентнинг 2020 йил 7 майдаги ПҚ–4708-сон қарори билан таъсис этилган.
Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter