Халқ депутатлари Қарши туман кенгашига суд қарори «1 тийин»ми?
Халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг олтинчи чақириқ ўнинчи сессияси бўлиб ўтибди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган хабарни ўқиб, кулишниям, куйишниям билмайсан, киши.
Нега?
Эшитинг.
Яқинда Қарши тумани маъмурий судида «SULTON TEX GROUP» кластери ва туман ҳокимлиги ўртасидаги суд жараёни бўлиб ўтганидан хабарингиз бор.
Суд жараёни етакчи сайтларда пешма-пеш ёритиб борилди.
Суд якунига кўра, «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ (қизиғики, Қарши туман ҳокимлиги мансабдорлари мазкур МЧЖни «фермер хўжаликлари кооперацияси» (!) деб даъво қилишади) ва тумандаги фермерлар ўртасида шартнома тузишга қаратилган барча ҳаракатлар (бундай хатти-ҳаракатлар маҳаллий мансабдорлар бошчилигидан амалга оширилган) ноқонуний деб топилади. Шунингдек, туман Давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтишда «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ номига «кооперация» сўзини қўшиб, рўйхатдан ўтган ва фермерларни шартнома тузишга мажбурлаган МЧЖ гувоҳомаси ҳам бекор қилинади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Суд камига Қарши туман ҳокими (!) ва ҳокимлик мансабдор шахсларига кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уринишини ҳам тақиқлаб қўяди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабари мазмунидан сессия иши суд қарори муҳокамасига бағишланган кўринади. Негаки, унда «...маъмурий судининг қарорига Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари ўз эътирозларини билдир»гани (?!) таъкидланади.
Яна сессия йиғилишида «...фермер хўжаликлари пахта хом ашёсини етиштириш бўйича «Silver fiber agro kooperasiyasi» билан амалдаги тартибда шартномалар имзолаш тўғрисидаги таклифлари» маъқуллангани ҳам қайд этиладики, депутатларнинг бундай тўхтамлари улар учун суд қарори ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини очиқ-ойдин кўрсатади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ахборотдан кўринишича, маҳаллий мансабдорлар суд тақиқлаганига қарамай «Sulton tex group»ни барибир тинч қўйишмаслиги ҳам ойдинлашади. Чунки, ишида «...кластер сифатида фаолиятига доир (сессия ишида кўриб чиқилган) материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилиши бир овоздан» маъқулланган.
Дарвоқе, маҳаллий кенгаш депутатлари оммавий ахборот воисталари ходимларини ҳам унутишмабди. Ахборотга кўра: «...жамиятимизда оммавий ахборот воистлари бироз оғриқли нуқтага айланган» (?!), улар томонидан гўёки «...асосланмаган хабарларни тарқатиш, ҳокимият вакиллик органлари қадр-қиммати, шаънини қадрсизлантириш, фаолиятларига ҳақсизликда (?) баҳо бериш каби салбий иллатлар» бўйича «...прокуратура органи томонидан ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда жавобгарлигини» таъминлаш керак!
Ҳуқуқий саводсизликнинг «юксак» намунаси!
Рост-да, сессия ишида маъмурий суд қарори муҳокама қилиниб, унга батамом тескари тўхтамларга келиниши қайси ақлга сиғади?
Туман ҳокими суд қароридан норозими – марҳамат, тегишли тартибда юқори инстанцияга мурожаат қилсин. Масаланинг ҳуқуқи тартиби шундай. Оммавий ахборот воситаларининг нисбатан эркин фаолият юритаётганини «жамиятнинг бироз оғриқли нуқтаси» дея талқин қилинишига нима дейсиз?! Туман кенгаши сессиясида республика номидан чиқарилган суд қарори муҳокама қилиниши «жамиятнинг оғриқли нуқтаси» эмасми аслида?!
Наҳот, маҳаллий кенгаш депутатлари орасида қонунчиликдан ғарибгина тасаввури эга ҳеч ким бўлмаса?!
...Қизиқ, туман прокуратураси сессия иши бўйича қабул қилинган ҳужжатларга эътироз билдирармикан ёки шундай муҳим машваратда зиммасига юклатилган оммавий ахборот воситалари ходимларига чора кўришдек вазифа ижросига киришиб кетармикан?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter