Профессор: оммавий карантин соғлиқни сақлаш тизимини яксон қилади
Коронавирусга қарши кўп миқдордаги хавфсиз вакциналар пайдо бўлишини 2021 йилнинг иккинчи чорагигача кутмаслик керак. Шу боис бутун олам қисқа муддатли ва маҳаллий карантинларни жорий этиб, коронавирус шароитида кун кечиришга мослашиши зарур. Чунки янги оммавий карантин соғлиқни сақлаш тизимини яксон қилиши мумкин, деди WMA бутунжаҳон шифокорлар уюшмаси собиқ раҳбари, исроиллик шифокор, профессор Леонид Эйдельман.
«Оммавий давомли карантин, табиийки, иқтисодий инқирозни келтириб чиқаради. Иқтисодий инқироз шароитида, афсуски, дунёдаги барча давлатлар соғлиқни сақлаш тизимидан тежашади. Натижада тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағ қисқаради. Устига-устак, дори-дармон сотиб олиш учун одамларнинг етарли пули бўлмайди. Иқтисодий инқироз келтириб чиқарган аҳоли саломатлиги билан боғлиқ ҳалокат бевосита вирус келтириб чиқарган тиббий ҳалокатдан кўра каттароқ бўлади», — деди профессор Эйдельман.
Экспертнинг фикрича, COVID-19 га қарши вакциналар яратилгунга қадар янги коронавирус тўлқини шароитида яшашга тўғри келади. Буни эса келгуси йилгача кутиб бўлмайди.
«Ўн миллионлаб одамларга таъсир қилган ўта жиддий пандемия ҳақида гапиряпмиз. Бошқа томондан, бу вирус йўқолмаслигини ҳам тушуниб турибмиз. У қолади, жорий йил давомида, эҳтимол, келгуси йилда ҳам турли жойларга тарқалиши мумкин. Одамлар яқин келажакда вакцина пайдо бўлишини жуда-жуда хоҳлашганди. Лекин бу хом хаёл. Эҳтимол, ишончли, хавфсиз ва кўп миқдорда вакцина жорий йилнинг охиригача ҳам пайдо бўлмас», — деб огоҳлантиради профессор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter