Водородли 1 миллион автомобил 510 миллион тонна заҳарли газ чиқишидан асрайди
Водород 2040 йилдан кейин глобал иқтисодиётда энг истиқболли ва энг муҳим хомашёга айланиб, ҳозир халқаро майдонда нефть ва газ қандай муҳим роль ўйнаётган бўлса, уларнинг ўрнини эгаллайди. Халқаро водород кенгаши баҳосига кўра, 2050 йилга бориб бутунжаҳон энергия маҳсулотларига бўлган талабнинг 18 фоизи айнан унинг ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозир ҳар йили дунёда 75 миллион тонна водород ишлаб чиқарилмоқда ва у асосан саноат тармоқларида қўлланилмоқда. Унинг 95 фоизи нефтни қайта ишлаш ва кимё саноати, амиак олишда, метанол ва мис ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилмоқда.
Бугунги кунда жаҳондаги кўплаб етакчи давлатлар энергетика соҳасида янги инқилобий қадамларни ташламоқда ва углеродсиз келажак энергияси концепцияларини амалга оширмоқда.
2017 йилда Японияда Ҳукуматнинг «Базавий водород стратегияси» ишлаб чиқилган эди ва унга кўра аниқ илмий тадқиқотларга жавоб берувчи уюшмалар тизими ҳам шакллантирилди, Австралиядан водородни импорт қилишни ҳам бошлади.
Германия эса миллий водород стратегияси учун 9 миллиард евро ажратади ва бу йил 2 миллиард евросини сарфлаши кутилмоқда.
Британия эса 2027 йилда Тиссайд шаҳрида йилига икки миллион тонна водород ишлаб чиқарувчи ва уни сақловчи заводни ишга тушириши кутилмоқда. Европа Иттифоқи 2050 йилга бориб энергия балансида водород ёнилғиси улушини ҳозирги 2 фоиздан 15 фоизгача оширишни ният қилган.
Хитойнинг «Great Wall Motor» автоконцерни эса яқинда водород технологияларни ривожлантириш учун қўшимча 500 миллион доллар ажратишини эълон қилди. У жаҳонда биринчи бўлиб, жорий йилда водород асосида 49 тонналик оғир юк ташувчиларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳага киришди.
Компаниянинг маълумотига кўра, бу турдаги ёнилғида ишловчи 1 миллион автомобил йилига 510 миллион тонна ис гази чиқарилишини қисқартиришга имкон берар экан. 2022 йилда автоконцерн Пекинда ўтадиган Қишки Олимпиада майдонида водородда ишловчи двигателли юқори классдаги енгил автомобилларни тақдим этиш ниятида.
Россия энергетика вазири Николай Шульгинов «Энергетика сиёсати» журналига интервью берар экан, Россия келгуси ўн йил ичида жаҳон водород бозорининг 20 фоизини банд этиши мумкинлигини маълум қилди.
«Водородни кенг кўламда ишлаб чиқариш, сақлаш ва етказиб бериш масаласини табиий газ ёки атом энергияси асосида ҳал қилишимиз мумкин. Бунинг учун мамлакатимизда барча имкониятлар бор. Уни ҳар бир нефтни қайта ишлаш заводларида йўлга қўйиш ҳам мумкин», деб таъкидлади мулозим.
2024 йилга қадар ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га кўра, Россияни водород экспорт қилиш бўйича жаҳон етакчисига айлантириш кўзда тутилмоқда экан.
Бинобарин, 2050 йилга бориб, жаҳонда водородга бўлган талаб 700 миллион тоннага етади. Россия халқаро бозорларга энергиянинг экологик тоза туридан 33,4 миллион тонна сотиб, унинг экспортидан 100 миллиард доллар фойда олмоқчи.
Сахалинда водород кластери яратилади
Бу борада ҳозир «Газпром», «Росгидро», «Россия темир йўллари», «Система» компаниялари қаторида «Росатом» водород энергетикаси ривожи билан жуда аниқ режалар асосида ишламоқда. Бунда Россия атом саноати тўплаган технологик ва илмий-тадқиқот салоҳиятидан унумли фойдаланмоқда.
У кам углеродли водород ишлаб чиқаришнинг икки услубини кенг қўлламоқда. Булар – водород ишлаб чиқаришнинг энг экологик тоза усулларидан бири бўлган электролиз олиш («яшил» водород), шунингдек, СО2 технологиясини қўллаш орқали метаннинг буғ конверсиясидир («зангори» водород).
«Росатом» Сахалин областида яратилаётган водород кластерининг муҳим иштирокчиларидан бири ҳамдир.
Бундан технологияларни ривожлантириш Иқлим бўйича Париж келишувларини рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнайди ва 2100 йилга бориб глобал ҳарорат кўтарилишини 2 целсий бирлиги даражасида ушлаб туришга хизмат қилади.
Россия Фанлар академияси Кимё физикаси муаммолари институти Водород жамғариладиган энергияси учун материаллар лабораторияси мудири Борис Тарасовнинг айтишича, бу турдаги энергетика водородга асосланади.
«Бугун инсониятга ис ва заҳарли газлар чиқармайдиган муқобил энергия манбалари зарур. Электр энергияси ишлаб чиқариш учун водородни қўллаш чоғида фақат тоза сув ажралиб чиқади. Ҳозирча газ ва бензин ундан анча арзон, аммо технологияларга катта сармоялар киритилиши билан водороднинг нархлари ҳам тушади», дейди олим.
Қайта тикланадиган энергияга ўтишнинг асосий ҳал қилиш керак бўлган масаласи – ишлаб чиқарилаётган шамол ёки қуёш энергиясини қандай ва қаерда сақлаш муаммосидир.
Масалан, одатдаги қуёш панелларидан фойдаланиш чоғида оддий электрокимёвий батареялардан фойдаланилади. Агар уни мегаватт ва гигават миқдорда ишлаб чиқарилса, бундай батареялар салоҳияти етмайди. Уларни сақлашнинг энг оддий усули йиғилган энергияни водород шаклида сақлашдир.
Шу билан бирга, у ташиш учун ниҳоятда хатарли ҳисобланади. Чунки, ҳатто ҳаводаги оддий кислород билан ҳар қандай туташув жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Портловчи хусусияти туфайли уни ташиш техник жиҳатдан қийин ва қимматга тушадиган жараёндир. Бу вақт ва катта сармояларни талаб қилади. Шу сабабли уни хавфсиз сақлайдиган материаллар тайёрлаш бўйича кенг кўламли илмий ишлар олиб борилмоқда.
2019 йил якунида водород ёнилғисида ишловчи «ЛМ-68М» трамвайи Санкт-Петербург шаҳрида дастлабки синовдан ўтказилган эди. Ўтган йили охирида бўлиб ўтган мажлисда РФ Ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин ҳам икки йилдан кейин пойтахтда шаҳар жамоат автобуслари водородда ишлаши кераклигини бўйича тегишли топшириқ берган эди.
Ҳозирда «Росатом» ва «Газпром» атом электр станцияларида, газ қазиб олиш объектларида маҳсулотни қайта ишлаш корхоналарида намунавий лойиҳаларни жорий қилмоқда. 2024 йилда водород ёнилғисида ишловчи темир йўл транспорти учун тажриба полигони қурилади. Сахалиндаги махсус водород кластери эса Япония ва Жанубий Кореяга экспорт учун марказ вазифасини ҳам ўтайди.
Гулрухсор Равшанова,
халқаро журналист,
Тошкент-Москва
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter