Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саудия ширкати Ўзбекистонда водород заводи қуради

Саудия ширкати Ўзбекистонда водород заводи қуради

Фото: ИССВ

ACWA Power компанияси Ўзбекистонда «яшил» водород ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод барпо қилади. Бу ҳақда 3 март куни Тошкентда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян учрашувида сўз борди.

ИССВ матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбатда компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфелини амалга оширишнинг долзарб масалалари ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 2,6 ГВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни режадан олдин ишга тушириш учун керакли чораларни кўришга келишилди.

Томонлар Самарқанд вилоятида 500 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси ва Тошкент вилоятида 200 МВтли қуёш электр станциясини қуриш лойиҳалари бўйича тегишли лойиҳаолди жараёнлар ниҳоясига этгани ва янги шартномалар тузилганини олқишлади.

ACWA Power компаниясининг мамлакатимиз энергетика соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ошиб бормоқда. Айни пайтда Саудия ширкатининг Ўзбекистондаги инвестициявий портфели умумий қиймати 4,4 миллиард доллардан ортиқ ва қуввати 4,1 ГВт дан кўп бўлган 5 та лойиҳадан иборат.

Аввал хабар берганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 24 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманига ташрифи доирасида ACWA Power компанияси билан ҳамкорликда барпо этилаётган шамол электр станцияси мажмуасига тамал тоши қўйиш маросимида қатнашган. Ушбу лойиҳа ишга тушгач, 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлади, йилига 106 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Президент Ш.Мирзиёев 2022 йил 16 ноябр куни Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи мажлиси доирасида ACWA Power бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилган.

2022 йил 23 декабрь куни Тошкентда Саудия компанияси  билан Қорақалпоғистонда умумий қуввати 1500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича яна бир шартнома имзоланган. Мазкур йирик қувватли станция 2026 йилда ишга туширилиши, йилига 5,2 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва бунинг натижасида йилига 1,5 млрд куб метр табиий газ тежалиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг