Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вестминстер университетида Ucell лабораторияси очилди (видео)

Вестминстер университетида Ucell лабораторияси очилди (видео)

Фото: Xabar.uz

Бугун, 30 декабрь куни Тошкент халқаро Вестминстер университетида янги Ucell-лаборатория лойиҳасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ucell-лаборатория – COSCOM МЧЖ (Ucell савдо белгиси) ва Тошкент халқаро Вестминстер университети (ТХВУ)нинг ёш истеъдодларни ривожлантириш ва бўлажак мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма лойиҳа.

Жорий йилнинг август ойида Ucell компанияси ва ТХВУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Мазкур меморандум ўзаро ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишда пойдевор вазифасини ўтади: яқин келажакда амалга ошириладиган асосий босқичлар белгилаб олинди.

Университетнинг янги биноси асосида Ucell-лаборатория лойиҳасини амалга ошириш устувор вазифалардан бири эди. Ucell-лаборатория – ахборот ва телекоммуникация технологиялари соҳаси, шунингдек, менежмент ва маркетинг йўналишида тажриба алмашиш ҳамда билим олиш имконияти.

Фарҳод Нурмуҳамедов, «COSCOM» МЧЖ Бош директори ўринбосари:

– Бугун янги лойиҳа очилишига мен билан бирга Ucell ходимлари ва Вестминстер университети талабалари келишди. Бугун улар бўлим ва бошқармалар раҳбари сифатида компанияларнинг етакчи лавозимларида меҳнат қилиб келишмоқда. Бироқ биз 28 августда имзолаган ва айни пайтда иш олиб бораётган меморандумнинг мақсадлари Ucell ёки АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш билан чекланиб қолмайди. Масалан, компания кўнгиллилари Тошкент, Термиз, Қарши ва Навоий шаҳарларида юзлаб дарахтлар ўтқазишганида, ҳеч ким бу дарахтлар соясида фақат Ucell аъзолари дам олади, деб ўйламаган-ку. Худди шундай Ucellнинг Вестминстер университети ривожига қўшаётган ҳиссаси бутун Ўзбекистон ва барча соҳаларда кучли кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Баҳром Мирқосимов, ТХВУ ректори:

 – Тошкент халқаро Вестминстер университетининг мақсади – Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ва касбий ривожланишига ҳисса қўшадиган халқаро таълим стандартлари ҳамда илмий-тадқиқот имкониятларини таъминлашдан иборат. Ucell-лаборатория лойиҳаси талабалар ва ўқитувчилар учун янги таълимий, илмий ва инновацион имкониятларни тақдим этади. Энг муҳими, бу мобиль алоқа тармоқларини бошқариш ва инновацион ечимларни етказиб беришда билим ва кўникмаларни амалий жиҳатдан қўллаш имконини берувчи платформа.

ТХВУ билим бериш, таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини инновацион ечимлар орқали интеграция қилишда ўқитувчи ва талабалар учун ноёб имкониятларни яратмоқда. Университет Марказий Осиё ва бошқа минтақалардаги етакчи компаниялар билан ҳамкорликда талабаларга малака ошириш ҳамда ишга жойлашиш имкониятларини тақдим этади.

SAP компанияси (Германия) билан ҳамкорликда яратилган Инновацион тадбиркорлик лабораторияси (innoWIUT Entrepreneurship Lab) халқаро даражадаги юқори малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, замонавий АКТ ва инновацион бизнес ечимлар соҳасида амалий тадқиқот фаолиятини кенгайтирадиган платформа бўлиб хизмат қилади. Карьерани ривожлантириш маркази (Career Centre) – талаба ва битирувчиларнининг ишга жойлашишига кўмаклашувчи платформа. Ҳозирга келиб 400 дан ортиқ хусусий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатилган.

Диққатга сазовор яна бир муҳим факт: ўтган йили ТХВУ битирувчиларининг 90 фоизи университетни битирганидан кейин уч ой ичида ишга жойлашди.

Ucell билан ҳамкорликдаги лаборатория лойиҳаси телекоммуникациялар соҳасида «профессионаллар фабрикаси»ни яратишга пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ҳозирда лаборатория маърузалар, тақдимотлар, тренинг ва семинарлар ҳудуди, мустақил билим олиш ва ўзини ўзи ривожлантириш, шунингдек, креатив фотозона кабиларни ўз ичига олади.

Лабораторияда интерактив ва кўп тармоқли таълимнинг янги тенденциялари кўзда тутилган: видео материалларни кўрсатувчи экран, махсус интерактив электрон доска (whiteboard), китоб алмашиш жавонлари (book crossing). Буларнинг барчаси ижобийлик ҳамда яхши кайфият қуввати билан тўлиб-тошган: ижобий эмоциялар маълумотни яхшироқ ўзлаштиришга ва самарали таълим олишга ёрдам беради. Лаборатория аудиториясининг трансформацион хусусияти йирик тадбирлар билан бир қаторда, кичик гуруҳларда воркшоплар ҳам ўтказиш имконини беради.  Бундан ташқари, хоналарнинг экологик жиҳатига ҳам эътибор қаратилган – кўплаб табиий ўсимликлар кислород мувозанатини сақлаб туради.

Бугун ҳамкорликнинг келгуси босқичлари ҳам муҳокама қилинди. Янги 2021 йилда ҳам тажриба алмашиш, ёшларнинг ахборот ҳамда телекоммуникация технологиялари соҳасига қизиқишини ривожлантириш мақсадида Ucell ходимлари билан талабаларнинг учрашувларини ўтказиш тажрибаси давом эттирилади. Бу каби мунтазам учрашувлар талабаларга компания фаолияти билан яқиндан танишиш ва Ucell да амалиёт ўташ учун муваффақиятли номзод бўлиш имкониятини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг