Эстония элчиси билан АКТ соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Бугун, 28 март куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Эстониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тоомас Тиерс билан учрашув бўлиб ўтди.
Йиғилишда вазирнинг биринчи ўринбосари Олег Пекос иштирок этди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасида электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, IT-таълим, IT-тадбиркорлик соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Эстония ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2021 йил апрел ойида Ўзбекистон ва Эстония ўртасида электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур меморандум доирасида икки давлат ўртасида электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорликни амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг Олег Пекос бошчилигидаги вазирлик делегацияси электрон ҳукуматни ривожлантириш ва жорий этиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Эстонияга ташриф буюрган эди. Ташриф давомида АКТ вазирлиги мутахассислари бевосита эстониялик ҳамкасбларининг тажрибасини ўрганиб, АКТ соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишган эди.
Ўз навбатида, Тоомас Тиерс икки давлат ўртасидаги шериклик муносабатлари ривожланиб бораётганини ижобий баҳолаб, Ўзбекистон ва Эстония ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter