Бир ҳафтадан бери ёмғир тинмаяпти. Японияда қурбонлар сони 70 кишига етди
Япония жануби-ғарбида кучли ёмғир келтириб чиқарган кўчки ва сув тошқинлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 70 кишига етди, дея хабар берди «NHK» телеканали.
13 киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда.
Кюсю оролида мана бир ҳафтадирки ёмғир тингани йўқ. Об-ҳаво маълумотларига кўра, душанба куни Кюсю шимолида 150 миллиметргача, сешанба куни эса 300 миллиметргача ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
Кумамото ва Оита префектураларида 8,5 мингта оила ичимлик сувисиз қолган. 11 та префектурада қарийб 12 мингдан ортиқ уй бутунлай ёки қисман вайрон бўлган. Бир қанча аҳоли турар жойлари тошқин туфайли шаҳар марказидан бутунлай узилиб қолган.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, қишлоқ хўжалигига қарашли ерларга 11,7 миллиард иен (109 миллион доллар) зарар етган.
Душанба куни зарарланган ҳудудларга мамлакат бош вазири Синдзо Абэ бориши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter