Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳрида «Қирол Сежонг институти» очилди

Тошкент шаҳрида «Қирол Сежонг институти» очилди

Фото: Тошкент шаҳридаги Инҳа университети

30-сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги «Тошкент шаҳридаги Қирол Сежонг институти» корейс тили марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда давлат ташкилотлари, компаниялар, ваколатхоналар ва Корея Республикаси элчихонасининг вакиллари иштирок этдилар, дея хабар бермоқда институт ахборот хизмати.

Маросимда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори, Қирол Сежонг институтининг янги филиали декани Ким Жунг Хо, шунингдек, Корея Республикаси таълим маркази раҳбари Пан Чу Ман ўз табрик сўзларини айтдилар.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Қирол Сежонг институти очилишининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, анъанавий корейс мусиқий асбоблари ижроси остида саҳна кўринишлари, елпиғичли рақс ва замонавий К-POP йўналишидаги рақс ижролари намойиш этилди.

Қирол Сежонг институти – корейс тили ва маданиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган таълим лойиҳасидир. Институт корейс алифбосини ихтиро қилган ҳукмрон сулоланинг тўртинчи қироли шарафига номланган.

Тошкент аҳолиси корейс маданияти билан яқиндан танишиш, корейс тилини ўзлаштириш ва ҳатто корейс тили ўқитувчиси бўлиш учун ажойиб имкониятга эга бўладилар.

Қирол Сежонг институти ҳар бир киши корейс тилини осон ва тизимли ўрганиши учун стандарт ўқув дастури ва талабаларни баҳолаш тизимини тақдим этади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Қирол Сежонг институтининг филиали Жанубий Кореянинг ИНҲА университети ва Корея Сежонг жамғармаси томонидан ташкил этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг