Узоқ ҳудудларимиз электр энергияси масаласида қанчалик қийналиши ҳеч кимга сир эмас!
Мамлакатни ривожлантириш кўп жиҳатдан илмий салоҳияти юқори бўлган инсонларга боғлиқ. Кимё фанлари доктори, профессор, ЎзФА академиги Абдулаҳад Жалилов билан суҳбатимиз илғор инновацион ғоялар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида бўлди.
— Юртимиз кимёгарлари ҳозир кўпроқ нималар билан шуғулланмоқдалар?
— Лойиҳаларимиз жуда кўп. Аммо асосан амалиёт учун керак бўлган нарсаларни яратиш билан шуғулланамиз. Масалан, ҳозир дунё бўйича пластмасса буюмлар жуда кўп ишлаб чиқарилаяпти. Унга полимер моддаси билан бирга жуда кўп қўшимчалар қўшилади. Ёки резина буюмларни оладиган бўлсак, у ҳам жуда кўп нарсаларда ишлатилади. Дейлик, битта автомобилга юздан ошиқ резина детал ишлатилади. Ўша резинага каучук билан бирга 20 га яқин ингредиент қўшилади. Нефть-газ маҳсулотарига ҳам 20 га яқин қўшимчалар қўшилади. Мана шу қўшимчаларнинг сони 50 тадан ошиб кетади. Буларнинг деярли ҳаммаси импорт қилинади. Биз қисқа фурсат ичида шуларнинг 30 га яқин турини ишлаб чиқаришга эришдик. Қани энди корхоналаримиз тайёр бўлса-ю, шу маҳсулотларни жорий қилишга тез киришсак нур устига нур бўлар эди.
— Айни кунда қандай инновацион лойиҳалар устида иш олиб бораяпсизлар?
— Ҳозир институтимизда 30 га яқин инновацион лойиҳани бажардик. Шулардан бири сувда кўп бўкадиган гидрогель моддасидир. Яқинда Сурхондарё вилоятига борганимда университет талабаларига қилаётган ишларимиз хусусида гапириб бердим. Талабалар жуда кўп савол беришди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Чунки ёшларимизда жуда катта қизиқиш бор. Фақат уларга тўғри йўл кўрсатиб, қўллаб-қувватлаб турсак бас.
— Ҳозирги кунда гидрогель моддаси ҳақида кўп эшитяпмиз. Унинг ишлаб чиқаришдаги аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.
— Сурхондарёга борганимизда унивеситетдан ташқари, мактаб ва лецейлардаги ёшларимиз билан ҳам учрашиб, гидрогель ҳақида гапириб бердим. Ундан кейин фермерлар билан ўтказилган йиғилишда ҳам бу ҳақда кенг тушунча бердик. Сувга ўта бўкадиган бу моддани ўсимликлар, кўчатлар, пахта ва буғдойларнинг тагига солиб қўйилса, суғорганда ёки ёмғир ёққанда у сувга бўкади.
Бўкканда ҳам 1 грамм модда 1 литргача сувни шимиб олади. Кейин намини секин ўсимликнинг илдизига бериб ётаверади. Қурғоқчиликда ёки экинлар суғорилмай қолганда ҳам ўсимликларда инсонлардаги каби стресс ҳолати рўй бермайди. Нам доим келиб турса мева-сабзавотларнинг ҳосилдорлиги 30 фоиз ошади. Мана яқинда Наманган вилоятида гидрогель моддаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва синов тариқасида бир гектар ерга гидрогель ишлатиб, бир гектарига эса ишлатилмай пахта экилди. Бир хил парвариш қилинди. Аммо гидрогель ишлатилган пахта ғўзапоясининг ўзи икки метргача ўсиб кетди. Ҳосилдорлиги эса 40 фоиз ошди.
Тўғри, ҳозирги кунда дунё бўйича чиқарилаётган гидрогеллар бор. Аммо ўзимизда чиқарилаётганини ишлатсак яхши эмасми?! Маълумки, бизда нефть жуда кам. Камбағаллашиб қолган нефть қудуқларимизга гидрогель солинса, самарадорлик 8-10 фоиз ошади. Яқинда буни синаб кўрганимизда нефтнинг фоизи 14,7 га чиқди, яъни икки баравар ошди. Шунинг учун президент куйиб-пишиб, шу каби маҳсулотларни маҳаллийлаштириш масаласини такрор ва такрор таъкидлаяпти. Бу биз олимларнинг ичимиздаги гап.
— Ишлаб чиқариш учун айни кунда яна қандай имкониятлар мавжуд деб ўйлайсиз?
— Айни кунларда коррозияга чидамли жуда яхши қоплама ишлаб чиқара бошладик. Бунинг номи эпоксиуретан дейилади. Энг ривожланган мамлакатлар, масалан, Америка ва Японияда газ қувурларининг устига биринчи эпоксис смола, кейин иссиқ ва совуққа чидамли бўлган модда суртилади. Биз шу иккаласини битта, яъни эпоксиуретан қилиб чиқардик. Кейин уни узун қувурга суртиб шўр ерга 11 ой кўмиб қўйдик. Ҳеч нарса ўзгармади. Ёнидаги махсус қопламасиз жойлари эса чириб кетди. Фойдаси яққол сезилди. Шу нарсаларни ҳар қандай металл конструкцияга, ҳатто машиналарнинг тагига қоплама сифатида ишлатса ҳам бўлади. Биз ана шуларни тезроқ ишлаб чиқаришни жорий қилишимиз керак.
Ўзбекистон жанубий кенгликда жойлашганлиги боис иссиқ об-ҳавода ёнғин чиқиши хавф бор. Шунинг учун ёнғинга чидамли материаллар устида ишлашимиз лозим. Масалан, материалларга 5-10 фоиз антипирин моддаси қўшилса ёнмайдиган бўлади. Ҳозир ана шу моддадан шу қадар кўп яратдикки, ҳатто 17 та патентга талабнома юбордик. Шундан учтасини олдик ҳам. Ҳозир шунга ўхшаш яна 30 га яқин лойиҳамиз бор.
— Шогирдларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Шогирдларимига келадиган бўлсам, ҳозир қўлимда ўндан ортиқ докторант ишлаяпти. 300 га яқин патент олганман. 80 ортиқ фан доктори, фан номзодларини чиқарганман. Шу яқин орада саккиз нафари чиқди ва яна беш-олти нафари тайёр. Чунки шогирдларимнинг ишлари, илмий мақолалари кўп, патентлари бор.
Президент Жанубий Кореяга борганида бу давлат билан институтимиз ҳамкорлик қилиши ҳақида келишув имзоланган. Мен доим корхоналарга борганимда жиҳозлар ва технология масаласида дунёдаги энг яхши намуналарни олиб келиш кераклигини таъкидлайман. Чунки шундай қилинса энергиямиз ҳам тежалади, хомашёларимиздан кўпроқ маҳсулот чиқарамиз. Бу иқтисодимиз учун кони фойда.
Умуман кимё саноати бир сўм харажатга уч сўм фойда берадиган соҳа ҳисобланади. Биз ана шу томонларини кўпроқ ўйлашимиз керак. Масалан, оддий бўёқларнинг килосини чет элдан фалон пулга оламиз. Агар буни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак иқтисодимиз гуллаб-яшнайди. Яна бир таклифим: Ўзбекистонга импорт қилинаётган кимёвий моддалар рўйхати олимларимизга кўрсатилиши ва улар ана шу моддаларни ўзимизда ишлаб чиқариш устида бош қотириши керак. Ишлаб чиқаришда грантлар берилаётганда ҳам шу жиҳатларга эътибор қаратилса яхши бўларди. Ахир Ўзбекистонда бу соҳа олдиндан жуда яхши ривожланган ва жуда кучли кимёгарларимиз бўлган.
— Чет давлатларда таҳсил олиб, ўша юртларда қолиб кетаётган илмли ёшларимизни ватанга қайтариш борасидаги фикрингиз қандай?
— Вазирлар Маҳкамасида ваколати катта бўлган бошқарма очилса ва улар четда ўқиётган талабалар билан узвий боғланиб турса яхши бўларди. Ана шу талабаларимиз ватанимизга қайтиб келганидан кейин уларга катта эътибор бериш керак. Кўпчилик раҳбарлар ўзидан ақлли одамни ишга олгиси келмайди. Бу жуда ёмон ҳолат. Бошқарма ана шуни назоратга олиб, чет давлатда ўқиб келган талабани иш билан таъминлаб, маошларини яхшилаб берса мақсадга мувофиқ бўларди. Тан олиш керак, четда ўқиётган талабаларнинг илмий салоҳияти кучли бўлади. Чунки у ёқда таниш-билишчилик йўқ, ҳамма ўз кучи билан ўқийди, изланади ва ҳаракат қилади.
Ўзбекистон ер ости ва ер усти бойликлари ва меҳнаткаш халқи билан жуда фаровон яшашга лойиқ мамлакат. Биз ана шунга эришадиган бўлсак ҳеч ким ватандан чиқиб кетмайди.
— Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яна қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?
— Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун биринчи навбатда кадрлар масаласига жуда катта эътибор бериш даркор. Чунки ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади. Масалан, кимё саноатини олиб қарайдиган бўлсак, камдан-кам кадрлар илмий унвонга эга. Корхоналарни илмий унвонли одамлар билан тўлдириш давр талаби. Чунки олим одам узоқни ўйлаб иш қилади. Қандай янги маҳсулот олиш мумкинлиги ва унинг сифатини яхшилаш масаласида чуқур ўйлайди.
Иккинчидан янгилик яратган илм одамларини рағбатлантиришни йўлга қўйиш лозим. Кейин корхоналарга махсус ажратилган илмий фонд бўлиши зарур. Илмий фонд бўйича корхона учун энг зарур нарсаларга албатта олимларни жалб қилиб, улар билан бирга ишлаш керак. Ўзбекистон хомашёга бой мамлакат. Масалан, тилла конида бир тоннадан уч грамм олтин олинса, қолган моддалар ташлаб юборилади. Ахир бу тайёр майдаланган руда-ку. Унинг ичида ўнлаб кимёвий элементлар бор. Бу рудалар Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётибди. Ўша руданинг ичида индий деган элемент бор. Бу қуёш нурини электр энергия ва иссиқлик энергиясига айлантиришда жуда қўл келадиган модда. Ахир Ўзбекистон учун шу керак-ку! Чунки электр энергия масаласида узоқ ҳудудларимиз қанчалик қийналиши ҳеч кимга сир эмас. Газ масаласида ҳам худди шундай. Шунинг ўрнига уйининг тепасига қуёш батареялари ўрнатиб қўйилса, бу муаммо ҳал бўлади. Туркия, Германия, Дания бизга нисбатан анча совуқ мамлакатлар бўлса-да, улар бундан унумли фойдалананишади.
— Нега унда қуёш батареяларидан фойдаланиш бизда оммалашмаяпти?
— Чунки сал қимматга тушади. Бу масалада давлат дотация ажратса яхши бўларди. Туркияда қиш фаслида бу батареялар билан сувни 47 даражагача иситиш мумкин экан. Бизнинг қуёш нурига мўл қишларимизда эса бу натижа ундан-да юқори бўлади. Кўмирни ёқиб, энергия оламиз ва бу билан атроф-муҳитга қанчадан-қанча зарар етказамиз. Қуёш энергияси эса энг зарарсиздир.
— Чет эллар билан патентлар масаласида ҳам шартномалар тузилаяптими?
— Германия ва Россия билан доимий ҳамкорликда ишлаяпмиз. Яқинда Россияда докторлик диссертациясини ҳимоя қилишда оппонентликка чақиришди. Борганимда энг яхши илмий жиҳозлар рўйхатини олиб келдим. Қанийди шундай жиҳозлар бизда ҳам бўлса... Оппонент бўлганда бир нарсани сездимки, уларнинг 60-70 фоиз ишини жиҳозлар бажарар экан. Бизда эса тескариси. 30 фоизини жиҳозлар, қолган 70 фоизи қўлда бажарилади. Худо хоҳласа, Жанубий Корея билан ҳамкорликдан жуда яхши натижалар кутилаяпти. Ишонаман, Ўзбекистон кимёси ҳали дунёда яна ўз сўзини айтади.
Гулруҳ Ёрматова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter