«Ўзмиллийбанк» АЖ Банклараро бирлашмаси Кенгашининг XVI йиғилишида иштирок этди

2020 йил 30 октябрда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Банклараро бирлашмаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Учрашувни «ВЕБ.РФ» давлат тараққиёт корпорацияси раиси И.И.Шувалов бошчилигидаги Россия томони олиб борди. Йиғилиш давомида Россия Федерацияси бош вазири ўринбосари А.Л.Оверчук ва ШҲТ Бош котиби В.И.Норов қутлов нутқи билан чиқиш қилди. Тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг етакчи банклари раҳбарлари ва таклиф этилган меҳмонлар ҳам қатнашдилар.
ШҲТ Банклараро бирлашмаси Кенгашини ривожлантириш институтлари раҳбарлари йиғилиш кун тартибига бағишланган маърузалар қилдилар. Йиғилиш давомида пандемияга қарши курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, ташкилот иқтисодиёти учун пандемия оқибатларини бартараф этиш бўйича йўл харитасини амалга оширишнинг аҳамияти ва ШҲТ ҳудудларида «Миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига қўшма ёндашувлар» юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув доирасида «Ўзмиллийбанк» АЖ МСБни молиялаштириш моделидан самарали фойдаланган ҳолда пандемия оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга оширишни давом эттириш ва инновацион тузилмавий моделларни жорий этиш орқали йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни таклиф қилди. Шунингдек ШҲТ платформасида ахборот алмашинувини чуқурлаштириш орқали ўзаро муносабатларни янада фаоллаштириш ташаббуси билдирилди.
Хитой Давлат тараққиёт банки раиси Ч.Хуан иқтисодиётнинг базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва тиклаш учун махсус кредит дастури ташкил этилганини эълон қилди. Ўзаро манфаат тамойили асосида минтақавий таъминот ва ишлаб чиқариш занжирини барқарорлаштириш, шунингдек, «Катта маълумотлар», сунъий интеллект ва ақлли шаҳар тушунчаларини ҳисобга олган ҳолда янги инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга эътибор қаратиш таклиф этилди.
ВЕБ.РФ давлат тараққиёт корпорацияси раиси И. Шувалов пандемия оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» савдо ва инвестицияларга туртки беришини ва пандемия оқибатларига қарши кураш соҳасидаги илғор тажриба алмашинувини кенгайтиришини айтиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, «Йўл харитаси» ШҲТ маконида истиқболли лойиҳалар базасини шакллантириш, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шу жумладан, яшил молиялаштиришни ривожлантириш учун инновацион механизмлар ва воситаларни ишлаб чиқишни назарда тутади.
ШҲТ маконида миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтириш учун қўшма ёндашувлар бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишининг янги нуқталарини аниқлашга, ўзаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантиришга ёрдам беради. ШҲТ ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда миллий валютада молиялаштириш амалиёти улкан салоҳиятга эга.
Шундай қилиб, ўтган йили «Ўзмиллийбанк» АЖ МСБ лойиҳаларини молиялаштириш учун ГБРКдан 500 миллион юан миқдорида кредит линиясини жалб қилди. ШҲТ маконидаги «Бир камар, битта йўл» дастури доирасида Хитойдан келган бошқа шериклар билан ҳамкорлик фаол давом этмоқда.
Шу билан бирга, «ВЕБ.РФ» давлат тараққиёт корпорацияси билан ҳисоб-китоблар Россия рублида амалга ошириладиган юқори технологик ускуналарни Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро битимлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда Россия томони Россия экспорт марказини жалб қилган ҳолда лойиҳаларни имтиёзли шартлар асосида рублда молиялаштиришнинг янги механизмлари устида ишламоқда.
Умуман олганда, Кенгаш йиғилишида аъзо банклар раҳбарлари «ВЕБ.РФ» давлат тараққиёт корпорациясига ШҲТ Банклараро бирлашмаси Кенгашининг платформасида раислик қилганлиги ва муҳим натижаларга эришганлигини юқори баҳоладилар.
Тадбир натижасида аъзо банклар ташкилот иқтисодиёти учун пандемия оқибатларини бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» ва ШҲТ маконида «Миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтириш бўйича қўшма ёндашувлар» каби муҳим ҳужжатларни имзоладилар.
2021 йилга қадар ШҲТ Банклараро бирлашмаси Кенгашига раислик қилиш Тожикистоннинг «Амонатбанк» давлат омонат банкига топширилди.
Маълумот учун: ШҲТ Банклараро бирлашмаси Кенгаши 2005 йил 26 октябрда ШҲТ доирасидаги банклараро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга мувофиқ тузилган. ШҲТ маконида амалга оширилган ва ШҲТга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва банк механизми сифатида хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter