UzAuto BYD билан ҳамкорликда Ўзбекистон истеъмолчиларининг эҳтиёжларини ўрганишни бошлади
UzAuto Ўзбекистон истеъмолчилари учун энг яхши маҳсулотни яратиш ва уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида, Хитойнинг BYD компанияси билан ҳамкорликда «Car clinic»– тадқиқот лойиҳасини ўтказишни бошлади. Унда потенциал харидорларнинг янги энергия манбалари бўйича автомобилларни қабул қилиши ўрганилади.
UzAuto бозорга автомобилларни олиб кирилишида дастлаб истеъмолчиларнинг фикрини ўрганиш анъанага айланди. Бу ўз навбатида, компаниянинг барча маҳсулотларини маҳаллий шароит ва афзалликларга мослаштиради.
Истеъмолчилар эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида, BYD автомобил моделларининг плагинли гибрид электромобиллари (ПҲЕВ) прототиплар сифатида тақдим этилди.
Car clinic иштирокчилари тақдим этилган моделларнинг техник хусусиятлари орасида BYD томонидан ишлаб чиқарилган портлаш ва ёнғинга чидамли Blade Battery аккумуляторларнинг мавжудлигини қайд этишди.
Бу аккумулятор тўлиқ заряд ва тўлиқ ёқилғи бакида 100 км учун атиги 3.8-4.5 л ёқилғи сарфи билан 1 200 кмгача масофани босиб ўтишга имкон беради. Тезлашув вақти 100 км/сга 7.3-7.9 сонияни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, Хитойда автомобилнинг биринчи эгалари учун унинг асосий қисмларига (аккумулятор, двигател ва электрон бошқарув тизими) умрбод кафолат берилади. Автомобил кафолати 6 йил ёки 150 000 км бўлиб, бу эса автомобилнинг юқори ишончлилигидан далолат беради.
Барча учун алоҳида ижобий факт бу турдаги автомобилларни бошқаришнинг тежамкорлиги бўлди – тахминларга кўра, PHEV’нинг йиллик эксплуатация харажатлари бошқа автомобилларга қараганда 400 долларга кам.
Ақлли бошқарув тизими ва 360° камераларнинг мавжудлиги автомобилни телефон орқали бошқариш, шунингдек, унинг жойлашувини, камералардан олинган маълумотларни, ёқилғи сарфини, иситиш ва совутиш тизими ва бошқа бир қатор тизимларни бошқариш имконини беради.
Буларнинг барчаси, замонавий автомобил дизайни билан бир қаторда шунингдек, катта дисплей (уни текисликда 90 градусга кенгайтириш имконияти билан), адаптив круиз-контрол, йўналишни бошқариш, ҳавони тозалаш тизими, симсиз зарядлаш ва бошқа кўплаб функционал имкониятларнинг мавжудлиги, футуристик дисклари билан BYD автомобилларини сотиб олиш учун энг функционал ва мақбуллардан бирига айлантиради.
Ўзбекистонда янги энергия манбаларида автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилганлиги муносабати билан тадбир қатнашчилари учун ушбу автомобилларни кўздан кечириш билан бирга «Test drive» ҳам ўтказилди. Шунингдек, синовдан ўтаётган моделлардан истеъмолчиларнинг кўнгли тўлгани ёки камчиликлари, автомобил дизайни, қулайлиги ва бошқа кўплаб жиҳатларини ўрганишга қаратилган махсус сўровнома ўтказилди.
«Car clinic» усули «сифатли» тадқиқотларни, автомобилларнинг статистик ва динамик тестларини, шунингдек, сўровномаларни ўз ичига олади.
Тадқиқотнинг мақсадли аудиторияси анъанавий ёқилғили автомобил ва электромобил эгалари бўлиб, келажакда оптимал конфигурациянинг зарур имкониятлари ва хусусиятларини батафсил аниқлашга имкон беради. Иштирокчилардан олинган сўровномалар натижаси Ўзбекистонда серияли ишлаб чиқарилиши кутилаётган автомобилларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг феврал ойида UzAuto ва Хитойнинг энг йирик электромобил ишлаб чиқарувчи компанияси BYD ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишилди. Ҳамкорлик доирасида томонлар енгил автомобиллар ҳамда автобуслар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани Ўзбекистоннинг янги энергия манбаида (NEV — гибридлар, электромобиллар ва электроавтобуслар) амалга ошириш имкониятларини ўрганишни келишиб олишди. Шунингдек, лойиҳа ўз ичига савдо ва сервис хизмат кўрсатиш, шу жумладан электромобил аккумуляторлари ҳамда электродвигателларга техник хизмат кўрсатиш тармоғлари ташкил этишни ўз ичига олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter