Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Уйда ёлғиз» фильмидаги Кевинга ким овоз берганлигини биласизми? (видео)

Уни яхши танийсиз!

Фақат овози орқали...

Қиёфаси 19 йил давомида сиз учун сир бўлган!

У ҳар янги йил байрами арафаси ёки янги йил оқшомида телевизорингиз орқали уйингизда меҳмон бўлади!

«Ойи, дада, қаердасизлар?!... Базз?... Меган? Рэй? Ҳооой, ким бор? Фрэнк амаки? Ҳазиллашаяпсизларми? Лилли?».

Бу монологни танимаган томошабин бўлмаса керак.

Айни шу монолог наинки ўзбек ёш томошабинларининг, балки катталарнинг ҳам севимли киноиборасига айланиб улгурган.

Англаганингиздек, «Уйда ёлғиз» фильмидаги уйда ёлғиз қолиб кетган болакайнинг ҳаяжонига бизни ҳамдард қила олган, уни қойилмақом қилиб ўзбекча «гапиртирган» овозни яхши кўриб қолгандик, аслида!

Орадан 19 йил ўтиб, соғинган овозимиз эгасини излаб-излаб, топдик!

Шу пайтгача Кевинни ўзбекча «гапиртирган» овоз эгаси кимлигини фақатгина фильм дубляжида иштирок этган актёрлар номи қайд этилувчи титрдан билардик, холос. Бироқ, овоз эгасини яқиндан ҳеч танимаганмиз. Бугун эса ўша сирли қаҳрамон билан яқиндан танишамиз!

Танишинг: Жаҳонгир Исмоилов!

«Уйда ёлғиз» — 1,2,3-қисмлари, «Бойвачча Рич», «Уддабурон болалар» — 1,2-3-қисмлари каби бир қатор хориж болалар фильмлари, шунингдек, ўзбек ва ҳинд фильмлари дубляжида қатнашган.

У кейинчалик, бошқа соҳа бошини тутган бўлса-да, қалбида мудом дубляж санъатига бўлган муҳаббат яшамоқда. Овози эса ҳамон Кевинни сўзлатган пайтидагидек беғубор, хушчақчақ, шод!

Биз уни орадан 19 йил ўтса-да, Кевин образида гапиртирмагунча, қўймадик! 

«Уйда ёлғиз» фильми дубляжига қандай келиб қолганди?

«Уйда ёлғиз» фильми 2003 йил, «Ўзбектелефильм» студиясида Матёқуб Орзиев режиссёрлигида рус тилидан (Йўлдош Абдукаримов таржимаси) ўзбек тилига дубляж қилинган.

Дубляж режиссёри Матёқуб Орзиев фильм бош қаҳрамони Кевин Маккалистер (Маколей Калкин)га овоз берадиган номзодни узоқ излайди ва бу борада яқин ҳамкасб дўсти, ўша пайтда «Спорт» телеканалида болалар кўрсатуви режиссёри Саидмурод Соатов билан ҳам маслаҳатлашади. Дўсти ҳеч ўйланмай, унга «Бинафша», «Болалар спорти» кўрсатувларида бошловчилик қилувчи истеъдодли шогирди — Жаҳонгир Исмоилов номзодини тавсия этади. Шу тариқа, 13 ёшли Жаҳонгир Исмоилов «Уйда ёлғиз» фильми дубляжига жалб қилинади.

Кевинга овоз бериш истагида омадини синаб кўриш учун келган ўндан зиёд номзодларнинг бари истеъдодли болалар эди. Дубляж режиссёрининг кўнгли Жаҳонгир Исмоилов номзодига чопиб турса-да, бошқа болаларнинг кўнглини ҳам чўктирмади, уларнинг қалбини эҳтиётлаб, мулоқот қилди. Навбат синов топшириш учун дадаси билан бирга келган Жаҳонгирга етганда, унга ҳам ҳаммага айтилгани сингари «Раҳмат! Синов натижасини телефонда маълум қиламиз!» мазмунида жавоб қилиб, хайрлашади.

Матёқуб Орзиев Кевин образига овоз бериш учун синов топширган барча болаларнинг овозини синчиклаб тинглаб, ўрганади, таҳлил қилади ва Жаҳонгир Исмоилов номзодида тўхтайди. Режиссёр танловда адашмаганди! 13 ёшли Жаҳонгир эса уни ҳали олдинда қандай зафар кутаётганини билмасди!

Дубляж режиссёри Матёқуб Орзиев фильм режиссёри услубини қўллагандек гўё. Гап шундаки, Кевин роли Маколей Калкин учун махсус ёзилган бўлса-да, кастингда юздан ортиқ бола иштирок этган. Фильм ижодкорлари Кевин ролига Маколей Калкиндан бошқа одам мос эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учунгина кастинг ўтказишган экан.

Ўшанда биринчи марта дубляж студиясига ташриф буюрдим, биринчи марта овозимни ёзиб кўришди

Жаҳонгир Исмоилов: — Авваламбор, шу фильм дубляжида иштирок этишимга сабабчи бўлган устозим Саидмурод Соатовга катта раҳмат айтаман! Насиб қилган экан, Кевинга мени овозим тушиб, танловдан ўтдим. Хурсандчилигимнинг чеки ва мендан бахтиёр бола йўқ эди ўшанда! Тўғриси, кутмаган эдим танловдан ўтаман деб. Кутилмган жойдан бундай хушхабарни эшитганда, одам ҳаяжонланар экан хурсандчиликдан.

Микрофон олдидаги илк ҳаяжонни ҳамон эслайман. Гарчи, унгача болалар кўрсатувидаги чиқишларимда орттирган тажрибам бўлса-да, лекин биринчи марта дубляж билан юзлашгандим. Ўшанда биринчи марта дубляж студиясига келдим, биринчи марта овозимни ёзиб кўришди. Шундай кейин ҳаммаси тезлашиб кетди, дубляж жараёни бошланди.

Аввалига, бир ҳафта, ўн кун роса қийин кечган, янги муҳит, янги соҳага кўникишим. Овоз бериш жараёнларида мен билан боғлиқ кўп узилиш, дубллар бўлган бошида. Кейин секин-секин мослашганман.

Кевин эрталаб уйғонса, уйда ҳеч ким бўлмайди-ку! Дубляж синовига келганимда, айни шу жойига, уйда ёлғиз унутилиб, қолдириб кетилганини пайқаган қаҳрамоннинг ҳолати билан боғлиқ эпизодга овоз бердириб кўришган. Дубляж жараёни бошланганида ҳам, ёдимда энг кўп қолиб кетгани мана шу эпизод бўлди. Нимага дейсизми? Чунки, қаҳрамонимнинг ака-опалари ва бошқа яқин қариндошлари исмини айтиши оралиғида маъноли паузалар борки, бу паузалар борган сари Кевиндаги қўрқув ҳиссини ифодалаши зарур эди. Айни мана шу эпизодни роса кўп дубл қилганмиз. Орадаги паузаларни биринчи уринишда ўхшатолмаганман. Оддий чорловга ўхшаб қолган. Кейин Матёқуб ака бафуржа тушунтирганлар: «Кевиннинг юзида қўрқув бўлаётганини кўриб турибмиз. Мана шу қўрқувни томошабин сени овозингдан ҳам англасин-да! Шуни ўхшатмагунингача ҳисобмас!» Узоқ ҳаракат ва уринишлар натижасида айни кутилган ҳолатга эришганмиз.

Феъл-атворим Кевинники сингари шўх бўлганлиги сабабли ҳам, унга овозим тушган бўлиши мумкин, деб ўйлаб қоламан. Мактабда шўх, ўйинқароқ бола бўлганман. Ўртоқларим ҳам, ўқитувчиларим ҳам буни билишарди. Балки шунинг учун ҳам Кевин қаҳрамонига тезда мослашиб кетдим.

Дубляж бошланишидан олдин ижодий гуруҳ мендан «Бу фильмни кўрганмисан?» дея сўрашган ва фильм воқеаси, бош қаҳрамон характери ҳақида тушунча бериб, шарҳлаб беришган. Аввал ҳам кўргандим фильмни, овоз бераётганлигим сабабли, кейин бошқача кўз билан яна такрор кўрганман. Қаҳрамонимни батафсил ўрганганман, унинг характерига, ўзига хос қилиқларига, бақиришларига (кулади), гаплашиш оҳангига овозни тушириш керак эди-да. Бу борада устозларим Камолиддин Усмонов, Йўлдош Абдукаримов, Комил Турсунбоев, Матёқуб Орзиевлар яқиндан кўмак беришган. 

Устоз санъаткорлар билан елкама-елка, ёнма-ён бир даврада, бир студияда ишлаш мароқли кечган. Лекин 13 ёшли Жаҳонгир учун буни ўзига яраша ҳаяжони, босими ҳам бўлган. Ушбу фильм дубляжида Мирзабек Холмедов, Обид Асомов, Ноила Тошкентбоева, Файзулла Аҳмедов, Ҳожиакбар Нурматов, Ойбарчин Бакирова, Барно Қодирова, Зулхумор Мўминова, Сиддиқ Санаев каби хизмат кўрсатган, халқ артистлари ишлашган. Улар менга йўл-йўлакай кўп нарсани ўргатиб кетишган. Яъни, вазиятдан келиб чиқиб, ундай эмас, бундай десанг, яхши бўлади мазмунида. Лекин бу даврада ҳаяжонланмасдан иложи йўқ эди! Дубляжнинг илк куни қийналаётганлигимни кўрган режиссёримиз, устозим Матёқуб ака зимдан мени кузатиб, ич-ичларидан тушунганларини ҳис қилиб турганман. полапоннинг илк парвозида она қушнинг ҳиссаси катта бўлганидек, устозим ҳам мени қўллаб-қувватлаб турганлар. Ёнимда туриб, «Сендан чиқади, яна озгина ҳолат қўшамиз!» дея далда, ҳамнафас бўлганлар. Қийналиш қайси маънода бўлганки, бошида кўп дубллар, кўп узилишлар ҳисобига аста-секин кутилган натижага эришганмиз. Мисол учун, овоз бераётганда, бир вақтни ўзида матнни ўзлаштирган ҳолда, шу билан бирга ҳолатга кириб, қаҳрамоннинг лаб ҳаракатига монанд сиз ҳам унга лабингизни туширишингиз керак. Қаҳрамонингиз ҳиссиётлари билан сизники якдил бўлиши, унинг юз ифодасига мос овоз оҳангини топа олишингиз жуда муҳим. Дубляж жараёни ширасини тушуниб олганингиздан сўнг, қаҳрамонни ҳам ўзингизники қилиб оласиз. Дубляжни ярмига келиб, менда ҳам шунақа ҳолат содир бўлган. Ҳаммаси аста изига тушиб кетди ва мен фильм дубляжида Кевин билан бирга яшашни бошладим.

Бошқа актёрларга нисбатан Обид Асомов ва Мирзабек Ҳолмедов билан кўпроқ бирга ишлганмиз. Сабаби, фильмда асосан шу учлик — Кевин, Гарри ва Марвин иштирок этади ва табиийки, уларнинг бир-бири билан мулоқоти ҳам кўп. Бу икки партнёрим билан маза қилиб ишлаганман! Чунки, уларнинг гапириши, хатти-ҳаракатини кўриб ҳам, завқингиз ошади-да! Жараён доим хушкайфиятда ўтарди. Ҳамманинг кайфияти зўр бўларди, хуллас! Танаффус пайтлари бу икки инсон билан кўп суҳбатлашардик. Улар менга ўхшамайроқ турган, кутилган натижа чиқмаётган жойларида «Мана бунақа характер қўшгин-чи!», дея туртки бериб юборишарди. 

Бўйим кичкина бўлганлиги сабабли, митти курси (табуретка) қўйиб беришганди. Чунки, микрофон мендан анча баландроқ жойга ўрнатилганди. Обид акани ҳам бўйлари баланд бўлмаганлиги боис, у киши ҳам митти курсига чиқиб, овоз берардилар.

 Дубляжга, қаҳрамонингизга энди кўникдим деганингизда, меҳрингиз тушиб қолганда, жараённинг тугаб қолиши одамни дилгир қиларди... Ҳаттоки, бу жараёнга қаттиқ ўрганиб қолганлигимдан, дам олиш кунлари ҳам бориб ишлагим келарди, кўнгил ўша ерга тортаверарди. Боргим келаверарди дубляжга!... Ичкаридаги ижодий муҳит, актёрлар, дубляж жараёни... Бир сўз билан айтганда, ўша ерда яшаганмиз!

Фильмнинг 1-қисми дубляжи ниҳоялангач, 2-қисми дубляжи бошлангунга қадар орада қисқа танаффус бўлган. Ўша танаффус ҳам менга узоқ вақтдек туюлган. Ичимда бир ўй — тезроқ 2-қисм дубляжи бошланса-ю, тезроқ мени чақиришса-да ва мен ўша муҳитга тушсам!

«Уйда ёлғиз»даги Кевинга овоз берганим ҳақидаги хабар бутун мактабга овоза бўлиб кетган!

Синфдошларимга «Уйда ёлғиз» фильмига овоз бераётганимни айтиб, суюнчисини ҳам олишга улгургандим. Янги йил арафаси, қишки таътил пайти фильм дубляжи тугаб, эфирга чиққач, ҳамма кўрган.

Таътил тугаб, ўқиш бошлангач, мактабда ким мени кўриб қолгудек бўлса, фильм ҳақида пичир-пичир гапиришаётганларини сезиб қолардим. Билсам, чаққон синфдошларим бу ҳақда бутун мактабга ёйиб бўлишган экан. Шундай қилиб, «Уйда ёлғиз»даги Кевинга овоз берганим ҳақидаги хабар бутун мактабга овоза бўлиб кетди. Кўчада ҳамма мени «Кевин! «Уйда ёлғиз»« деб чақиришни бошлашди. Буни тўғри қабул қилганман. Очиғи, 13 ёшли болакай учун бу ёқимли ҳам эди. Ўзимда йўқ хурсандман! Ҳамма танияпти! «Овозинг қаҳрамонга тушибди, зўр чиқибди!» деган мақтовлар қуршовида анча пайтгача юлдузлик онларини бошимдан ўтказдим.

Ўз овозимни ўзим танимаганман!

Фильмни телевизордан илк бор оилавий томоша қилдик. Телевизордан янграган овозимни ўзим эшитдим-у, қулоғимга бошқача туюлди. Худдики, бу мен эмас! Менинг овозим эмас! Кейинчалик, фильмни такрор кўравергачгина, овозим қулоққа мослашган. Хуллас, ўз овозимни телевизордан эшитганда, танимаганман.

Ҳозиргача ҳам фильмни телевизорда кўрсатишса, эринмасдан, ҳар сафар кўраман. Фарзандларим билан бирга томоша қиламиз. Улар ҳам яхши кўришади бу фильмни. Фильм бошланиши биланоқ, болаларим телевизорнинг олдига ўтириб олиб, «Ада, киноингиз бошланди! Келинг, бирга кўрамиз!», дейишади. Орада кутилмаган саволлар ҳам бериб қўйишади.

Агар бугунги кунда яна Кевинга овоз берсам, иложи борича, ўша қаҳрамонга мослашиб, овоз беришга ҳаракат қилардим, албатта.

Кевин билан фикримиз бир жойдан чиққан!

Болаликда мени ҳам уйда ёлғиз қолган вақтларим бўлган, албатта. Энди, болаликка бориб, одам қўрқади барибир. Ота-онам бажаришим лозим бўлган юмушларни айтиб кетишарди. Айрим пайтлари уйда бир ўзим ўтиришдан зерикиб, кўчага чиқиб кетардим. Лекин Кевинники сингари саргузаштларга дуч келмаганман. Шундай бўлса-да, овоз бериш жараёнида Кевинни яхшироқ тушуниш учун унинг тушиб қолган шароитига ўзим қўйиб кўрганман. Ҳатто, тасаввур ҳам қилиб кўрганман унинг бошидан нималар ўтганлигини. «Агарда Кевиннинг ўрнида мен бўлганимда, нима қилардим?» деган саволни ҳам ўзимга кўп бора берганман. Бола ёшингизда болаларча фикрлайсиз-да! Мен ҳам болаларча ўз тасаввуримда фикрлаганман. Хуллас, Кевин билан фикримиз бир жойдан чиққан!

«Уйда ёлғиз»дан кейин бошқа фильмлар дубляжига ҳам таклиф этишди. «Бойвачча Рич»да яна Маколей Калкин ижросидаги бош қаҳрамонга овоз бердим. Фақат бу сафар у ҳам, мен ҳам улғайган эдик. Шунингдек, кўплаб ҳинд фильмларидаги эпизодик қаҳрамонларга овоз бериш учун ҳам чақиришарди. Кейин яна, Валижон Шамсиев бош ролни ўйнаган «Қизилжарлик Эшмат» номли фильм бош қаҳрамонига овоз бердим.

Бошқа соҳани танлаган бўлсам-да, дубляж доимо қалбимда. Дубляжни ҳанузгача қўмсайман! Ўтган йиллар ичида устозларимиз Камолиддин Усмонов, Йўлдош Абдукаримов, Матёқуб Орзиевлар бирин-кетин оламдан ўтиб кетишди. Шу ҳам сабаб бўлиб, мен ҳам дубляждан узилиб қолдим. Кейин дубляжга қайтиб бормадим... Икки марта Санъат институтининг актёрлик бўлимига ўқишга топшириб, икки маротаба уринишда ҳам ўқишга киролмаганман. Бу ҳам санъат йўналишида кетмаганлигимга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳозир дубляж иши бўйича таклиф бўлса, жон деб бораман! Жуда хурсанд бўлардим. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, дубляжни унутганим йўқ. Дубляжда яна ижод қилиш насиб қилса, ажабмас!

Юзимни кўришмаган бўлса-да, овозимдан таниб қолишарди

Болалик давримда юзимни кўришмаган бўлса-да, овозимдан таниб қолишарди. Бозор ёки одам гавжум жойларда сўзлашсангиз, юзингизга кўзлари тушмаса-да, овозингиз эшитилади. Шунда, «Вой! «Уйда ёлғиз» даги болани овози-ку!» деб гапирган сезгир одамлар ҳам бўлган. Ёки яна бошқа одамлар ёнимга келиб, «Овозингиз таниш туюляптида...? Қаерда эшитганман-а?», деб саволга тутишарди. Уларга жавобан, «Ҳа, мен ўша, «Уйда ёлғиз»даги Кевинга овоз берганман» десам, кўпчилик бунга ишонмасди. Ҳайрон бўлиб, «А- а- а-а, йўғе?», деб қўйишарди.

Ўртоқларим, кўчадаги таниш-билишлар Кевиннинг овозида гапириб беришимни илтимос қилишарди, бунга ишқибозлар кўп эди. Мен эса уларга бу овоз дубляж студиясида ёзилган, ҳозир ўхшамайди десам ҳам, барибир, ўша овозда гапиртирмагунча қўйишмасди.

Мен завққа тўлиб ишлаган яна бир фильм бу — «Уддабурон болалар» (3 қисмли) фантастик фильми. Унда ҳам бош қаҳрамонга овоз берганман. Мазкур фильм дубляжида Зулхумор Мўминова билан бирга ишлаганмиз. Маҳоратли дубляж актёри, режиссёри Шомаҳмуд Шорасуловдан ҳам айни шу «Уддабурон болалар» фильми дубляжида соҳага оид кўп нарса ўрганганман. У киши табиатан оғир, босиқ, камгап инсон. Лекин дубляж жараёнида мен билан гаплашар эканлар, буткул бошқа одамга айланардилар. Демочиманки, менга кўпроқ ён босиб, ҳали бола эканимни ҳисобга олиб, гаплашардилар. 

Барча устозларимдан бутун умр миннатдорман! Ўтган устозлармизнинг руҳлари шод бўлсин! Дубляжда бирга ишлаш насиб қилган ҳозирда ҳаёт устозларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилайман! Устозлармизга халққа ҳали кўп йиллар хизмат қилиш насиб этсин! Биз шогирдлар ҳам уларнинг хизматида бўлайлик. Улар билан кўришиб қолгудек бўлсам, маза қилиб суҳбатлашардим. Орадан анча вақт ўтиб кетди. Кўпчиликлари билан анчадан буён кўришмаганмиз. Худо хоҳласа, яна дубляжга бориш насиб қилса, улар билан дийдорлашамиз, деган умиддаман!

Устоз Матёқуб Орзиевни хотирлаб...

Матёқуб Орзиев... У киши ҳозир орамизда йўқлар, лекин бу инсон боғлиқ яхши хотираларим кўп. Ҳалим одам эди, раҳматли. Бу инсонни кўп эслайман! Мана шу одамни эътибори, қўллаб-қувватлаши сабабли, дубляж завқидан баҳраманд бўлдим! 

«Мана бу ерда матнни ўқиворяпсан, ўқимасдан, гапириш керак!» дея мулойимлик ила дубляж сирларини ўргатардилар. Бирор бир касбга янги келсангиз, сизга кимдир туртки бериб, йўл-йўриғини кўрсатса, аста ўша касбни ўзлаштирасиз. Менда ҳам худди шундай вазият бўлган. Матёқуб аканинг бир яхши одати бор эди. Студияга келишингиз биланоқ, овозингизни ёзишга шошмасдилар. Дубляждан аввал, бир муддат суҳбатлашардик, сўнг ишга киришардик. Ҳар сафар келаси гал ҳам вақтлироқ келгин-а, деб тайинлардилар. Бошқа актёрлар келмасидан олдин студияга етиб борардим. Устозим матн билан обдон таништирардилар. Кейин матнни умуман четга суриб қўярдилар ва мен фильм воқелигига қандай қилиб шўнғиб кетганимни билмай қолардим.

«Ҳозир халқ артистлари, тажрибали актёрлар келади. Ҳаяжонланмагин! Ўзингни шунақа тутгинки, гўё сен ҳам худди ўша актёрлар каби 15-20 йилдан бери дубляжни ичида юрган одамсан! Тўғри, ҳали ёш боласан. Лекин улар ҳам сени ўзингни шунақа тутишингни кўриб, қойил қолишсин!», деб мени руҳлантирардилар. Яна «Мени уялтирмагин-а!», деб ҳам қўшиб қўярдилар. Мана шу ўргатган ўгитлари, берган қимматли маслаҳатлари менга анча ёрдам, далда берган. 

«Уйда ёлғиз» фильми дубляжи ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашни ўргатди!

 «Уйда ёлғиз» фильми дубляжи юлдузлик онлари, завқ, хурсандчиликдан ташқари, энг асосийси, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашни ўргатди! Тасаввур қилинг, мактабда ўқиб юрган ёш бола бирданига бошқа дунёга тушиб қолди-да! Телевидение, дубляж соҳасига кириб борар экансиз, бошқа оламни кашф қиласиз! Актёрлар, уларнинг салобати, ичкаридаги муҳит... Бўлаётган суҳбатлар шираси, файзи сизни қўйиб юбормайди! Бари ёқимли ҳислар эди! Мана шу муҳитда тез улғайиб қолганман, гўё... 

Лобар Қобилова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг