Уй олиш учун буйракни сотиш мумкинми? Мусулмонлар идораси жавоб берди
Ижтимоий тармоқларда муҳтожлик ёки зарурат юзасидан инсон тана аъзоларини сотиши борасида муҳокамалар бўлиб туради. Ватандошларимиздан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказига «Уйимиз йуқ. Уй олиш учун буйрагимни сотсам бўладими? Бу ҳаром ёки гуноҳмасми?» дея савол йўллаган. Ваколатли уламолар ушбу масалага ойдинлик киритган.
«Инсон ўзининг аъзоларига ҳақиқий эга ҳисобланмайди, балки улар Аллоҳники ва инсонга омонатга берилган. Шунинг учун шариатимизда одам ўз аъзоларини сотишга ҳаққи йўқ. Бу савдо ботил, бекор. Бу ишини қилган киши ва бунга ёрдам берганлар гуноҳкор бўлади. Валлоҳу аълам», – дейилади Фатво маркази жавобида.
Ўзбекистонда 2017 йилдан буйрак трансплантацияси амалиётлари ўтказила бошлаган. Маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда бир минг буйрак донор кутаётганлар бор.
Ўзбекистон президентининг 2021 йил 4 октябрдаги қарорида 2022 йил якунигача барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бир муддат аввал «Инсон аъзолари ва тўқималари донорлиги ҳамда уларни кўчириб ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси муносабати билан мамлакатда ноқонуний «буйрак бозори» пайдо бўлиши хавфидан огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, парламент юқори палатаси (Сенат) 2022 йил июнь ойида маъқуллаган Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, инсонни ўз аъзоларини кўчириб ўтказишга розилик беришга мажбурлаганлик учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter