Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

USAID Ўзбекистонда навбатдаги лойиҳани якунлади. Натижа қандай?

USAID Ўзбекистонда навбатдаги лойиҳани якунлади. Натижа қандай?

3 октябрь куни Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистонда Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури якунига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Олий Мажлис, Адлия вазирлиги, турли халқаро ва миллий ташкилотлар вакиллари иштирокидаги тадбирда лойиҳа натижалари баҳоланди.

“USAID ушбу етакчи лойиҳа орқали Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётганидан фахрланади. Дастур натижалари кутилганидан ҳам юқори бўлди. Ўзбекистон ҳукуматига ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизда қилган фидокорона меҳнатлари учун барча миллий ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман”, – деди USAID миссияси директори ўринбосари Эдвард Михалски.

Қайд этилишича,  2018 йилда агентлик ва Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганидан бери дастур доирасида адолат, шаффофлик, ваколатларни кенгайтириш, ҳисобдорлик ва фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш орқали қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳизмат қилувчи муҳим йўналишлар – гендер тенглиги, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий таълим ва фуқаролик жамияти учун қулай муҳитни шакллантириш каби соҳаларда ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, Ўзбекистоннинг биринчи гендер тенглиги тўғрисидаги қонуни ишлаб чиқилиши қўллаб-қувватланди, 30 га яқин қонун ва низом лойиҳаси қайта кўриб чиқилди. Бундан ташқари, 50 га яқин ўқув курси яратилган бўлиб, улар мамлакат бўйлаб юридик таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура дастурларига киритилган.

Лойиҳа доирасида юридик муассасалар, жумладан, Омбудсман ва Бизнес-омбудсманга уларнинг фуқароларга кўрсатадиган хизматларини кенгайтириш имконини берувчи ускуналар тақдим этилди. Аҳолининг заиф қатламига мансуб бўлган 900 мингдан ортиқ шахс бепул ҳуқуқий ёрдам олиб, ўз ҳуқуқларини тиклашга эришди. Шунингдек,  7 миллиондан ортиқ шахс advice.uz ҳуқуқий маслаҳат порталидан фойдаланди. Дастур доирасида гендер тенглиги ва ҳотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 15 мингга яқин мутахассис тайёрланди.

Ушбу ташаббус доирасида миллий ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда ҳуқуқий таълимни халқаро илғор амалиётларга мослаштириш, барча фуқаролар учун  одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларга қарши зўравонликни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги турли соҳалар қатори суд-ҳуқуқ, маҳаллий давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш каби йўналишларда ҳам ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Аввал хабар берганимиздек, агентлик умумий миқдори 10 млн долларни ташкил этувчи Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастурни амалга оширган. 3 йиллик дастур мамлакатимиз ҳукуматининг  қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимини  янада ислоҳ қилиш ҳамда республикада  фуқаролик жамиятини  ривожлантириш каби саъй-ҳаракатларини  қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

2023 йил декабрь ойида эса Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва USAID ўртасида маҳаллий давлат ҳокимиятини ривожлантириш лойиҳасига доир меморандум имзоланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг