UMS энди «Mobiuz» деб номланади. Лекин фақатгина ном ўзгармади (видео+фото)
UMS мобиль оператори ребрендинг ўтказиб, ўз номини Mobiuz дея ўзгартирди. Бу ҳақда бугун, 2 декабрь куни Тошкентда ташкил этилган тақдимот маросимида эълон қилинди.
Тақдимот маросимида компания бош директори Собир Арипов сўнгги йилларда кўп нарса ўзгаргани ва UMS бренди ҳам ўзини оқламай қўйганини маълум қилди.
– 2018 йилда президент қарори билан бизнинг компаниямизга рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида бир қатор муҳим вазифалар юклатилган эди. Бу эса бизни нафақат мобил алоқа хизматлари соҳасида, балки бошқа йўналишларда, жумладан, сифатли интернет, тармоқни тўлиқ модернизация қилиш, ҳукумат алоқасини йўлга қўйиш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини барпо этиш, Электрон ҳукуматни ривожлантиришда иштирок этишишимизни талаб этади. Бунинг учун ўзимизга бешта устувор вазифани белгилаб олдик, — деди компания бош директори.
Қайд этилишича, айни вақтда йўл харитаси ва 2019-2021 йилларда ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилган. Жиззах вилоятида маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш ҳамда халқаро интернет каналига бевосита чиқиш лойиҳаларини бошлаш шулар сирасига киради.
Тақдимотда нафақат ном ўзгараётгани қайд этилди, балки компания ривожланишнинг янги босқичини бошлаётгани айтиб ўтилди.
«Artоgraph» студияси директори Искандер Хайитбоевнинг таъкидлашича, янги бренд пайдо бўлишига «Ғамхўрлик орқали тараққиёт сари» деган ғоя асос бўлган.
Тақдимот давомида «Mobiuz» мобиль операторидан лайфстайл-операторига айланишига урғу берилди. Ҳозиргача қатор янги тарифлар ишга туширилгани, янги мобиль иловалар тақдим этилилиши кутилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, компания ТВ, кино, мусиқа ва тўловлар учун ўзининг махсус сервисларини ишга туширишни ҳам режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter