Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган миллионернинг яна бир даҳшатли жинояти фош этилди (фото)

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган миллионернинг яна бир даҳшатли жинояти фош этилди (фото)

Фото: «AP»

21 йил муқаддам қотиллиги учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган америкалик миллионер Роберт Дурст (Robert Durst) яна бир жиноятда айбланмоқда. Бу ҳақда Associated Press (AP) хабар берган.

19 октябрь куни Нью-Йорк штати Льюисборо шаҳар суди 78 ёшли магнатнинг 1982 йилда ғойиб бўлган рафиқаси Кэти Дурст (Kathie Durst)нинг қотиллиги бўйича иш очди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноятни Роберт Дурст содир этган деб ҳисобламоқда. Вестчестер округи прокуратураси бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Агентликнинг исми ошкор этилишини хоҳламаган манбага кўра, ҳакамлар ҳайъати тузилган ва ҳозирда гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланмоқда. Суд жараёни бир неча ҳафта давом этиши кутилмоқда, марҳумнинг қариндошлари ва дўстлари кўрсатма беришади.

Октябрь ойи бошларида Лос-Aнжелес суди Дурстни 21 йил муқаддам содир этган қотилликда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганди. 100 миллион долларлик бойликка эга бўлган тадбиркор 2001 йилда яқин таниши Сьюзан Берманни ўлдирганликда айбдор деб топилган. Aёл тадбиркорнинг хотини ғойиб бўлиши иши бўйича полицияга гувоҳлик беришидан сал олдин уйида бошидан ўқ жароҳати излари билан ўлик ҳолда топилган. Узоқ йиллар давомида Дурстнинг ўзи аёлига нима бўлганини ва Берманни ким ўлдирганини билмаслигини даъво қилиб келган.

HBO телеканалининг «Миллиардернинг сирлари. Роберт Дурстнинг ҳаёти ва ўлими» (The Jinx) ҳужжатли сериалини суратга олиш пайтида айтган сўзлари миллионернинг айбдорлигини исботловчи далиллардан бирига айланган. Танаффус пайтида тадбиркор ҳожатхонага борган ва у ерда бир нечта жумлаларни айтган: «Ана, қўлга тушдинг. Нима қилиб қўйдим, жин ургир? Aлбатта, ҳаммасини ўлдирганман». Бу пайтда унинг микрофони ёқилган бўлган ва барча айтган сўзлари ёзиб олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг