Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина уруши акс садоси, Россия пропагандасига қарши кураш йўли – АҚШ давлат котиби муҳим масалаларга муносабат билдирди

Украина уруши акс садоси, Россия пропагандасига қарши кураш йўли – АҚШ давлат котиби муҳим масалаларга муносабат билдирди

Россия Украинага қарши бир йилдан буён олиб бораётган уруш асоратларини бутун дунё, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам ҳис этмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

«Ташрифим Путиннинг Украинага қарши тажовузига бир йил тўлган муддатга тўғри келди. Бу (уруш) бутун дунё, жумладан, Марказий Осиёга ҳам мушкулотлар келтираётир... Дарҳақиқат, айрим минтақалар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга қараганда кўпроқ азият чекди, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия манбалари нархи ошиб кетди. Ҳар доимгидек, бунинг азоби энг заиф қатламга кучлироқ сезилмоқда. Шу боис ҳам Қўшма Штатлар Путин Украинага уруш очганидан буён минтақа давлатларига 16 млн доллардан иборат шошилинч озиқ-овқат ёрдамини тақдим этди», – деди давлат котиби. 

Блинкенга кўра, мавжуд қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон халқи ва ҳукумати украиналикларга нисбатан саховат намунасини кўрсатиб, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берди. 

Қўшма Штатлар бош дипломати Москва бошлаган урушнинг хатарли тенденцияга айланиши хавфидан огоҳлантирди.

«Россия босқини минтақада чуқур хавотир уйғотди. Сирасини айтганда, қудратли мамлакат суверен қўшнисининг чегараларини куч билан бузишга ҳаракат қилар экан, бошқаларга ҳам худди шундай қилишига нима халал беради? Марказий Осиё мамлакатлари буни яхши тушунади. Қўшма Штатлар ва унинг бутун дунёдаги ҳамкор ва иттифоқчилари ҳам. Айнан шу боис ҳам биз нафақат Украина, балки Марказий Осиё ва бутун дунё мамлакатларининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишда собитдирмиз», – деди юқори мартабали мулозим.

Маълум қилинишича, уруш манзарасида Вашингтон савдо йўлларини диверсификациялаш ва минтақада ишчи ўринлари яратиш учун Марказий Осиё давлатларига 25 миллион доллар ажратади.

Давлат котиби The New York Times журналистининг Украина ихтилофини музокара йўли билан ҳал этиш имкони хусусидаги саволига жавоб берар экан, урушни бошлаган Путин уни истаса бугуноқ тўхташи мумкинлигини урғулади. Аммо Кремлнинг тинчлик ҳақидаги баёнотлари самимий экани даргумон.

«Агар президент Путин босқинни тўхтатиб, конструктив мулоқот бошлашга чиндан ҳам тайёр бўлганда эди, биз биринчилардан бўлиб бунга бош қўшган ва жонбозлик кўрсатган бўлар эдик. Аммо буни тасдиқловчи бирорта ҳам далил йўқ. Аксинча, далиллар тескарисини сўйламоқда. Президент Путиннинг баёнотларини тинглаб кўринг. Биргина мисол келтираман: яқинда у Украина «янги ҳудудий воқелик»ни тан олмас экан, ҳеч қандай мулоқот бўлмаслигини таъкидлади. Бошқача айтганда, Украина Россия ўз ҳудудларини тортиб олганига кўнмас экан, улар мулоқотга киришмайди», – дея зиддиятни дипломатик йўл билан ҳал этиш эҳтимолини баҳолади сиёсатчи.

Таҳлилчиларга кўра, бутун дунёда, жумладан, Марказий Осиёда Россия пропагандаси кучайгани кузатилмоқда. Матбуот анжумани давомида Қўшма Штатлар ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбаридан Кремль пропагандасига қарши қай йўл билан курашиш мумкинлиги ҳам сўралди.

«Бу кучли, фаол ва яхши таъминланган маҳаллий ОАВ қанчалар муҳимлигини тасдиқламоқда. Бугун президент (Шавкат Мирзиёев) билан шу масалани ҳам муҳокама қилдик. Россия ёки бошқа манбалардан келаётган дезинформацияга қарши курашиш чиндан ҳам муҳим», – деб таъкидлади у.

Қайд этилишича, Қўшма Штатларнинг мустақил ОАВни қўллаб-қувватловчи дастурлари мавжуд.  Айни чоқда, Вашингтон бошқа давлатлар ҳукуматлари билан мулоқотда мустақил ОАВ униб-ўсиши, фикрлар хилма-хиллиги муҳити шаклланиши муҳимлигини эслатиб келмоқда.

«Шубҳасиз, Россия пропаганда ва дезинформациянинг жуда кучли ва мустаҳкам тизимини яратди ва унинг таъсири дунёнинг бошқа бурчакларида ҳам сезилмоқда. Бунга қарши энг яхши жавоб – чинакам эркин, мустақил ва очиқ ОАВ муҳитини яратишдир. Токи улар жамоатчиликка фактларни етказсин ва одамларга эркин қарор қабул қилиш имконини берсин», – дея хулоса қилди АҚШ давлат котиби.

Аввал хабар берганимиздек, Э.Блинкен матбуот анжумани давомида Ўзбекистон билан таълим йўналишидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида тўхталган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг