Ucell ва Вестминстер университети Ҳамкорлик меморандумини имзолади (видео)
Кеча, 28 август куни «COSCOM» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) бош директори Владимир Кравченко ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори Комилжон Каримов учрашуви натижасида икки томон ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Меморандумдан мақсад:
- Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш.
- Университет талабалари учун малака ошириш мақсадида тақдимотлар, меҳмонлар учун маърузалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.
- Талабаларни амалиётга жалб қилиш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш бўйича қўшма тадбирларни ўтказиш, телекоммуникация соҳасида ишлашга тайёргарлик кўриш.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтидорли ёшларни қўллаб−қувватлаш учун мувозанатлашган «экотизимлар» яратилиши, айниқса ахборот−коммуникация технологиялари соҳасида яққол кузатилмоқда.
Ucell компанияси ёш кадрларни қўллаб−қувватлаши ва юртимизнинг ўқув муассасаларига моддий кўмак кўрсатиши одат тусига айланган.
Ҳар йили Ucell-Plazaда АКТ соҳасига ихтисослашган университетлар, хусусан, Вестминстер университети талабалари учун Очиқ эшиклар куни ўтказилади. Владимир Кравченконинг ўзи ҳам «Вест»нинг битирувчиси сифатида талабалар билан фикр алмашиш учун бажонидил учрашувлар ўтказади.
Ўз навбатида ТХВУ қошидаги Карьерани ривожлантириш маркази Ўзбекистонда фаолияти йўлга қўйилган йирик халқаро компаниялар билан унумли ҳамкорлик олиб боради. Бугунги кунга қадар 400 дан ортиқ хусусий ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу университетга битирувчиларни жуда қисқа вақт ичида ишга жойлаш имкониятини яратади.
Владимир Кравченко, «COSCOM» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) бош директори :
— Атрофимиздаги ҳаёт кескин ўзгариб бормоқда. Ушбу жадал ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни энг илғор технологияларни жорий қилмасдан амалга оширишнинг иложи йўқ. Биз Ucell компаниясида замонавий юқори сифатли алоқани таъминлашнинг муҳимлиги ва масъулиятини тушунамиз. Ва биз ёш мутахассисларни ривожлантириш учун асос яратишни устувор вазифалардан бири деб биламиз. Компания ўз келажагини телекоммуникация соҳасида кўрадиганларга ҳам профессионал, ҳам молиявий кўмак кўрсатишга тайёр.
Вестминстер университети билан бугунги меморандум буни тасдиқлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, барчани яқинлашиб келаётган байрам — Мустақиллик куни билан табриклайман ва Ucell компаниясининг кўп миллатли жамоаси номидан сизга ва яқинларингизга соғлиқ, оилангизга фаровонлик тилайман.
Комилжон Каримов, Халқаро Вестминстер университети ректори:
— Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети Ўзбекистон олий таълим тизимидаги етакчи университетлардан бири сифатида иқтисодиёт ва молия, бизнесни бошқариш, ахборот технологиялари ва тижорат ҳуқуқи соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрламоқда. Университет ташкил топган йилларидан бошлаб жамоат, хусусий ва нотижорат ташкилотларида фаолиятнинг турли соҳаларида ўзини намоён қилган 2800 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлади. Ўтган йили ТХВУ битирувчиларининг 90 фоизи ўқишни тугатгандан кейин уч ой ичида иш билан таъминланди. Биз Ucellга самарали ҳамкорлик учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, бунинг натижасида ТХВУ талабалари Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик уяли алоқа операторларидан бири бўлган Ucellда амалиёт ўташ ва ишлаш имконига эга.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter