Тузатиш. Ёки ИИБ ходими «қулоққа тепди»ми?
Саноқли соатлар аввал сайтимизда Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Кошкарованинг Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист-блогер Хуршид Далиевга туҳмат қилганига оид хабар жойлаганди.
Унда ҳокимлик мулозимига нисбатан «туҳмат» айблови билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилгани, «дело» Андижон шаҳар маъмурий судига юборилган (декабрь ойи охирларида) бўлса-да, фавқулодда тезкорлик билан кўриб чиқилган «блогер Нуритдинов иши»дан фарқли равишда «дам еб» қолгани баён қилинган эди.
Мазкур хабар юзасидан Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов биз билан алоқага чиқиб, шу йилнинг 4 январь ҳолатига Андижон шаҳар маъмурий судига Г.Кошкаровага оид материал келиб тушмаганини билдирар экан, гап орасида «ахборот берган манбани яхшилаб ўрганиш»ни беозор оҳангда писанда қилишни унутмади.
Шундан сўнг журналист-блогер Хуршид Далиев билан боғландик. У айтдики, «...ҳа, ака, янги йилдан бир неча кун аввал Андижон шаҳар ИИБ ходими «дело»ни судга юборгандим, деганди...».
Қисқаси, «дело» Андижон шаҳар маъмурий судига ҳали келиб тушмаган.
Шундан келиб чиқиб, аввалги хабардаги «... асакалик блогер О.Нуритдиновга нисбатан 30 декабрь куни маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, ўша куниёқ суд қарори билан 15 сутка қамоқ жазоси берилганди. Бошқа блогер — Хуршид Далиев жабрланувчи бўлиб ўтган мазкур «иш» эса маъмурий судда ҳамон «дам еб» ётибди...» жумласидаги «маъмурий судда ҳамон «дам еб» ётибди» сўзлари «иш»га Андижон шаҳар ИИБда ҳамон «кинна солиняти», чоғи?..» дея тузатиб ўқишингиз сўралади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter