Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туя гўшти еган «Брексит» (2-мақола)

Туя гўшти еган «Брексит» (2-мақола)

Фото: slate.com

«Туманли Альбион»нинг Европа Иттифоқидан ажралиш жараёнини узоқ вақтдан буён бутун дунё диққат билан кузатиб турибди. Аммо у уч йилдан ортиқ давр мобайнида чўзилгандан чўзилиб, боши берк кўчага кириб қолди. Бир пайтлар дунёнинг ярмини идора қилган энг қудратли давлат эндиликда халқаро аҳамиятга боғлиқ битта муҳим қарорни ҳам қабул қилиб-қилолмай ўтирибди.


Бошланиши: Туя гўшти еган «Брексит» (1-мақола)


Миллионерлар қочмоқда....

Европа Иттифоқи маъмурлари музокаралар бошида расмий Лондон молиявий мажбуриятларни бажариши учун Брюсселга 100 миллиард евро тўлаб қўйиши кераклиги ҳақидаги шарт қўйган эди. Музокараларнинг бир неча даврасидан кейин бу миқдор 39 миллиард еврогача туширилди.

Энди эса бош вазир Жонсон бир фунт ҳам тўлаш нияти йўқлигини айтмоқда.

Британия 1992 йил 7 февралда Маастрих шартномасини имзолаган ЕИнинг 12 та асосчи мамлакатидан биридир. Энди эса Британия ҳар қандай ҳолатда ҳам ЕИдан чиқмоқчи. Лондон Брекситдан чиқиш учун 2,6 миллиард фунт стерлинг ажратган, 2020 йилда эса 2,1 миллиард фунт стерлинг йўналтирмоқчи.

Чиқишнинг сиёсий зарари мамлакатнинг бўлинишига олиб келиши мумкин. Масалан, 2014 йили Шотландия Британиядан ажралиб чиқиш учун референдум ўтказган ва аммо 5 фоизлик фарқ билан таркибда қолган эди. Беш йил ичида мустақиллик тарафдорлари аста-секин ортиб бормоқда.

Европа Иттифоқи таркибида қолиш ниятида бўлган Шотландия учун Британиянинг қарори айни муддао – яхши баҳона бўлади. Демак, Лондон олдига энди «Марказ-минтақалар» ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масаласи кун тартибига чиқади.

Шотландия миллий партияси етакчиси Никола Стёржен хонимнинг айтишича, у Британия Иттифоқдан чиқиб кетиши биланоқ минтақанинг мустақиллик бўйича янги референдумини 2020 йилда ўтказмоқчи.

Яна бир муаммо Европа Иттифоқида қоладиган оролдаги мустақил Ирландия ва Британия таркибидаги Шимолий Ирландия ўртасидаги чегара назоратини ўрнатиш ёки ўрнатмаслик устида бормоқда. Энг низоли банд шу бўлиб турибди.

Ҳозир бу чегара шаффоф. Ирландлар бир миллат лекин икки диний эътиқодга мансублиги важидан иккита давлатда бўлиниб яшашмоқда. Улар узоқ вақт мустақиллик учун қонли уруш олиб боришган эди.

Жонсон Брюсселдан аввал келишилган «бэкстоп» ёки ирландча суғурта деб аталган режани бекор қилди. Унга кўра Шимолий Ирландия Буюк Британиянинг таркибий қисми сифатида ЕИнинг Божхона Иттифоқида қолиши кўзда тутилган эди. Лондон ва Брюссель Шимолий Ирландия ва Ирландия ўртасида тўлақонли чегарани қуришга қараганда мақбулроқ қарорга келмагунча шундай қулай тартиб сақланб қолиниши белгиланган эди. Аслида чегаранинг йўқлиги – 1998 йилдаги келишувнинг муҳим қисми бўлиб, мамлакатнинг ушбу қисмида 30 йиллик қон тўкилиши ва терроризмга нуқта қўйган эди.

Фото: ft.com

«Шин Фейн» Ирландия миллатчилар партияси етакчиси Мэри Лу Макдональд ишонч билдиришича, бу билан тинчлик келишуви ҳам якунига етади. Бу ирландларнинг марказий ҳукуматга нисбатан норозилигини кучайтирмоқда. Шимолий Ирландияда хавфсизликни таъминлаш, айирмачиликка қарши курашиш учун Буюк Британия каби кўпроқ харажат қилишига тўғри келмоқда.

Ирландия бош вазири Лео Варадкарнинг айтишича, «Биз ҳар қандай амалий таклифни эшитишга тайёрмиз, аммо фақат ваъда билан юридик кафолатни алмаштиришга рози бўлмаймиз».

Ўрта Ер денгизи қирғоғидаги Гибралтар бош вазири Фабиан Пикардо эса агар Британия ЕИдан чиқса, у Испанияга қўшилиши билан огоҳлатирди.

Иқтисодий йўқотишлар ҳам кам эмас. Фунт стерлинг курси охирги ойда доллар ва еврога нисбатан 0,6 фоизга тушиб кетди. Чакана савдо сотувлари охирги 36 йилда энг паст кўрсаткичга – 49 фоизга тушиб кетди. Аҳолининг харид қуввати пасайишини экспертлар биринчи галда «брексит» билан боғлиқ ноаниқ вазият билан изоҳламоқда.

2016 йил 23 июнда ўтказилган референдумдан кейин автосаноатга сармоялар ва янги лойиҳаларга уларни киритиш ҳажми 80 фоизга қисқарди.

2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатда 667 минг автомобил ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 20,1 фоиз камдир.

«Ford» ва «Honda» компаниялари Британиядаги корхоналарини ёпишини эълон қилди. «Peugeot» ва «Sitroen»ни бирлаштирган «PSA» гуруҳи ўз ишлаб чиқаришини Ливерпулдан Европа жанубига кўчирмоқчи. БМВ раҳбарияти ҳам жуда безовта ва боши қотмоқда.

Ишлаб чиқариш фаолияти 2013 йил февралдан буён энг қуйи даражага тушиб қолган. 2015 йилда Британиянинг ЕИга маҳсулот ва хизмат экспорти 223 миллиард фунт стерлинг эди. Жонсон режаси амалга ошса, Британия божхона тўловлари учун 65 миллиард евро миқдорида йиллик қўшимча харажатлар қилишга мажбур бўлади.

Биргина Ла-Манш туннели орқали чегарадан йилига 5 миллион юк автомобили қатнайди. Агар «ақлли чегара», аввалдан божхона ҳужжатларини расмийлаштириш тизимлари яратилмаса, бўғознинг ҳар икки томонидаги тадбиркорлар учун ҳам бизнесни олиб бориш қийинлашади. 

Фермерлар миллий иттифоқи огоҳлантиришича, импортга бўлажак текширувлар қўйларнинг оммавий қирилиб кетишига олиб келади. Охирги икки йилда Брексит, юқори солиқ ва сиёсий беқарорлик сабабли мамлакатни 7 минг нафар миллионер тарк этди.

Инглизлар «Брексит» билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, жумладан божхона ва бошқа назорат органларини яратиш учун 16 минг давлат хизматчиларини тайёрлаш керак. Шу ва бошқа харажатлар солиқ тўловчиларга 4 миллиард фунт стерлингга тушади.

Британиядаги турар жойлар умумий қиймати 7 триллион фунтдан ортади ва мамлакатнинг асосий бойлиги, аҳолига мўмай даромад келтирувчи соҳалардан бири эди. Аммо нархлар ўсиши охирги уч йилда икки баробар секинлашди.

Умуман олганда британияликлар рефередумдан кейинги йилдан бошлаб илк бора ишлаб топганларига кўра сарф қилаётган харажатлари кўпроқ бўлди, бу ҳар бир оила бюджетида 900 фунт стерлингни, мамлакат бўйича йилига 25 миллиард фунтни ташкил қилаяпти. Аҳоли банклардан кўпроқ кредит олишга мажбур бўляпти.

Ўтказилган сўровларга кўра, 56 фоиз инглизлар ЕИ таркибида қолишни истамоқда. Европа Иттифоқи амалдорлари ҳам консерваторлар даври тезроқ тугашини, уларнинг ажралиш ғоясини қабрга қўйишни, Брекситни тўлиқ бекор қилишни орзу қилмоқда.

Брюсселнинг хавотири ўринли...

Тартибсиз чиқиб кетишдан Европа кам зарар кўрмайди. Бошқа томондан Европа етакчилари ҳам бу муаммодан бошлари оғриб, чарчаб ҳам бўлишди. Британия қандай бўлса ҳам чиқиб кетса бўлди, деган кайфиятдаги сиёсатчилар ҳам кўпаймоқда.

Брюсселдаги айрим амалдорлар эса узоқ чўзилиб кетган ва ҳали қачон ҳал этилиши ноаниқ масала бўйича ўз позициясини бермаслик ниятида ва алоҳида масалалар бўйича муҳокама ўтказишдан воз кечган.

Энг қийини, савдо ҳамкорлиги бўйича ЕИнинг турли мамлакатлари билан келишиш бўйича қонунчилик ишлари ниҳоятда оғир ва давомли кечади. ЕИ мамлакатларида ишловчи инглизлар ва ўз навбатида Британиядан европалик компанияларининг чиқиб кетиши икки томонлама улкан инвестициянинг йўқолишига олиб келади.

Айрим экспертлар ишончига кўра, Лондон барибир кўплаб молия хизматларини амалга оширувчи марказ бўлиб қолаверади. Лекин нима бўлганда ҳам томонлар музокаралар столида ўтириб, янги божхона келишувини ишлаб чиқиши зарур.

Компаниялар ва фуқаролар транспорт ташувлари барча турлари бўйича муаммоларга тўқнаш келади. ЕИ мамлакатлари балиқ овини квоталаш тизимидан Британия чиқишидан 650 миллион долларлик азият чекади. Масалан, Бельгия балиқчилик флоти Британия ҳудудий сувларига 50 фоиз қарам. Нидерландия ҳам оз зарар кўрмайди.

Франция эса асосий вазифа келгусида икки давлат чегарасида турнақатор навбатни максимал даражада камайтириш, божхона органларини тўхтовсиз ишлаши ҳақида ўйламоқда.

Франция ташқи ишлар вазири яна муддатни чўзиш ҳақида норизо оҳангда «Биз ҳар уч ойда бу иш билан қайта-қайта шуғуллана олмаймиз-ку», деб таъкидлади.

«Қаттиқ Брексит – Европа учун ҳам, Британиянинг ўзи учун ҳам ёмон ғоя, — дейди венгериялик демократ Шандор Ронай. – Борис Жонсон – ўз мамлакатига ва бизнинг Европа уйимизга улкан зиён етказаётган масъулиятсиз сиёсатчидир».

Иттифоқ маъмурлари Британиянинг қўлдан чиқаришни истамаслиги тагида катта молиявий манфаат ётади. Чунки у энг йирик донорлардан бўлиб, 2018 йилда Иттифоқ бюджетига 13 миллиард фунт стерлинг ўтказиб берган эди. Бу ЕИ бюджетининг олтидан бир қисми демакдир. Айни вақтда дотация ва грантлар сифатида 4 миллиард фунт ёрдам олган.

Қолаверса, бу ерда 3 миллион нафар европаликлар ўз иш ўринларига эга. Юз минглаб Латвия, Литва, Эстония, Польшанинг фуқаролари бу ерда меҳнат мигрантлари сифатида умргузаронлик қилмоқда ва ўз юртига катта ҳажмда пул ўтказмаларини амалга ошираяпти.

Чиқиш жараёни бошлангач, ЕИ фуқароларининг Британияда эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Фото: iz.ru

Унда кимга фойда?

Британияда Етакчи бир сиёсий партия ўзининг тор манфаатларини кўзлаб, умумнинг фойдасини кўзламаслиги шундай ташвишли кунларга олиб келди.

Европа Иттифоқининг кучли иқтисодий бирлашма ва сиёсий тузилма сифатида кучайиб кетишини истамайдиган, улар ўртасида зиддият уруғини сепадиган АҚШ каби ташқи кучларнинг Британия бошқарувчи элитасига ҳаддан ташқари таъсири ҳам ҳал қилувчи ўрин тутаётгани сир эмас.

Бу салбий уринишлар ЕИга ҳали тўлиқ интеграция бўлмаган давлатлар ҳам, ундаги янги ва эски аъзолар халқларини ва ҳукуматларини ҳам иккилантириб, тузилма ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришга ундамоқда.

Аммо Британиянинг ЕИ таркибидаги қандайдир ўртамиёна ўйинчи эмас, балки дунё миқёсида қудратли куч маркази, келгусида асосий иттифоқчиси – АҚШ билан эркин савдо битимини имзолаб, ўзининг буюк ўтмишига таяниб, яна шон-шуҳратини қайтаришга интилишини тушунса ҳам бўлади.

Чунки Лондон ЕИда асосий ўйинчилар Германия ва Франция ундан ўзиб кетаётганига чидай олмайди. АҚШ ҳам Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўзининг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий таъсирига тушира олган Европада бугун ўзига рақобатдош иқтисодий гигантнинг пайдо бўлишидан манфаатдор эмас. НАТО уни ҳозирча жиловини тутиб туришнинг энг самарали воситаси. Бироқ иқтисодий бақувват бўлиб олган ЕИ аста-секин Вашингтоннинг йўриқларига юрмай бошлаётгани ҳам ҳақиқат. 

Яқинда АҚШ вице-президенти Майк Пенс кутилмаганда Лондонга келиб, парламент ва бош вазир ўртасидаги зиддиятда айнан Жонсонни қўллаб-қувватлагани кўп нарсадан далолат беради:

«Кимсан, Британияга унинг ички ишларини қандай ҳал қилиш кераклигини ўргатиш керак эмас. Британияликлар – тарихда катта империя тузган ва фашистлар таҳдидига қарши якка ўзи бир йилдан ортиқ вақт курашган халқдир. Инсоният тараққиёти ва маданиятига ҳаммадан кўра кўпроқ кўмак берган халққа тарихнинг ушбу мураккаб даврида қандай ҳаракат қилишни ўргатиш керак эмас», – дея таъкидлади АҚШ вице-президенти Майк Пенс ўз сафари чоғида.

Шу сабабли эндиликда Оқ уй ЕИни иқтисодий ва сиёсий рақиб деб билмоқда ва унинг тепасида турган йирик давлатларни ўзаро бўлиб ташлаш в кучсизлантириш учун Брексит каби «яхши воситалардан» самарали фойдаланмоқда. 

Президент Трамп ҳам Жонсон билан шахсий ва сиёсий яқинликдан келиб чиқиб, унинг тарафини олмоқда. Агар ҳамкасби «Қаттиқ Брексит»ни амалга ошира олса, у билан бутун дунё ҳавас қиладиган савдо шартномасини имзолашга ваъда берди. Бу «англосаксон альянси» мустаҳкамланишига олиб келади.

АҚШ конгрессини назорат қилиб турган демократлар эса 33 миллионлик асли келиб чиқиши ирландиялик бўлган Америка фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Англия-Америка савдо битимига вето қўйишини билдиришди.

Қолаверса, британлар ичида шундай кайфият борки, улар ҳеч қачон йўқолиб кетмаган империянинг ғурурли давомчидари ва меросхўр авлодларидир. Чунки Еропада ягона пул ташкил топгандан буён ўтган неча ўн йиллардан буён улар умумий валюта зонасига қўшилган эмас, ўз фунт стерлингини кўз қорачиғидай асраб, авайлаб келади.

Британиянинг бу хатти-ҳаракатлари бутун қитъа бўйлаб «домино эффекти»ни ҳосил қилиши мумкин. Аввалроқ, Греция, Италия, Испания каби давлатлар ҳам исталган вақтда ЕИдан чиқиб кетишга тайёрликларини яширишмаган эди. Ҳатто Францияда ҳам мухолиф партия томонидан бу ғоя баралла янграмоқда.

Ҳозир Европа Иттифоқи сиёсий луғатида «полексит» деган янги ибора пайдо бўлди. Польшанинг интеграция жараёнларидан чиқиш ҳаракатига тушган сиёсий кучлари ҳам 27 давлатни бирлаштирган Иттифоққа чуқур интеграцияда эҳтиёткорлик зарурлиги ҳақида билдирди. Мамлакат президенти Анжей Дуда эса «ЕИни тасаввурдаги ҳамжамият» деб атаб, «Польша учун кам фойда келтириши ҳақида» баёнот берди. 

Аслида кучсиз Европа глобал куч марказлари – Россиянинг ҳам, Хитойнинг ҳам манфаатларига мос келади.


А.Ҳасан ўғли,
халқаро шарҳловчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг