Туркиядаги зилзилада 150 дан ошиқ киши жароҳат олди

Истанбулдаги зилзилаларда 151 киши жароҳат олди.
Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) маълумотларига кўра, 2025 йил 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Силиври тумани (Истанбул вилояти)да 6,2 баллли ер қимирлаши қайд этилди. Эпицентр Мармара денгизи ҳудудида, шаҳар марказидан тахминан 40 км жануби-ғарбда жойлашган.
Зилзила Истанбулнинг барча туманларида ҳамда қўшни вилоятларда, жумладан Измирда ҳам ҳис этилди. Кўплаб аҳоли бинолардан чиқиб, очиқ жойларда тўпланган. Маҳаллий ҳокимиятлар маълумотига кўра, жиддий вайронагарчилик ёки ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Бир фуқаро бинодан чиқиб кетиш пайтида жароҳат олгани хабар қилинмоқда.
Асосий силкинишдан сўнг бир неча афтершоклар кузатилди, улардан энг кучлиси 5,3 магнитудада бўлган. Ҳокимиятлар аҳолини зарар кўрган биноларга кирмасликка ва хавфсизлик чораларига амал қилишга чақирмоқда.
Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, зилзила натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
151 нафар фуқаро қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, касалхоналарда даволанмоқда. Уларга ҳеч қандай ҳаётий хавф йўқ.
Шунингдек, Фатиҳ туманида ташландиқ бино қулаб тушган, аммо ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Истанбулдаги бош консулхона маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этмоқда. Ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter