Туркияда афсонавий шоҳ Мидас даврига тегишли қабр топилди

Туркияда археологлар муҳим кашфиёт қилишди: кўҳна Гордион шаҳрида милоддан аввалги VIII асрга оид шоҳлар оиласига алоқадор қабр топилди. Бу ҳақда Anadolu Ajansı хабар берди.
Топилма афсонавий шоҳ Мидаснинг (юнон афсоналарига кўра, у нимани ушласа олтинга айланиб қолган) қариндошига тегишли бўлиши мумкин.
Анқара жануби-ғарбида жойлашган Гордион Фригия подшоҳлиги (мил. авв. 1200–675 йиллар) пойтахти бўлган.
Кашф этилган қўрғоннинг баландлиги 8 метр, диаметри 60 метр бўлиб, ушбу ҳудудда аниқланган 47-топилмадир. Ўлчами 3,1×2,8 метрли қадимги қабрда ўтда куйдирилган жасад қолдиқлари, ўнлаб ноёб артефактлар: бронза қозонлар, хумлар ва бошқалар топилган.
Айниқса, кремациялаш олимларда қизиқиш уйғотди, чунки бу Гордионда милоддан аввалги VIII асрга оид топилган ягона намуна.
«Дафн одатлари бу ерда оддий одам кўмилмаганини кўрсатмоқда», — деди археолог Южел Шенюрт.
Олимларнинг тахминича, қабр шоҳ Гордий оиласи аъзосиники ёки ҳатто Мидасники бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter