Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Майяларнинг уч минг йиллик «Бувилар ва бувалар» шаҳри топилди

Майяларнинг уч минг йиллик «Бувилар ва бувалар» шаҳри топилди

Фото: Pexels

Археологлар Гватемала шимолида қарийб 3 000 йиллик тарихга эга майялар шаҳри харобаларини топишди, деб хабар берди The Guardian.

Таъкидланишича, ҳозирги талқинда Лос-Абуэлос деб номланувчи бу шаҳарда сақланиб қолган эҳромлар ва ёдгорликлар у маросимлар ўтказишда муҳим рол ўйнаганини кўрсатади.

Майялар тамаддуни милоддан тахминан 2000 йил аввал замонавий Мексика жануби ва Гватемала, шунингдек, Белиз, Салвадор ва Гондураснинг айрим қисмларида пайдо бўлиб, милодий 400 ва 900 йиллар оралиғида тараққиётининг юқори чўққисига кўтарилган.

Испанчадан таржима қилинганда «Бувилар ва бувалар» деган маънони берувчи Лос-Абуэлос Гватемала шимолидаги жуда муҳим археология ёдгорлиги Уашактундан 21 километр олисда жойлашган.

Шу манзилда топилган икки инсонсифат ҳайкал — «оила жуфтлиги» шарафига шаҳар шундай номланган. Гватемала маданият вазирлиги баёнотига кўра, милоддан аввалги тахминан 500–300 йилларга мансуб бу ҳайкалчалар майяларнинг ўз аждодларига сиғинишини ифодаловчи қадимий амалиёт билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ўн олти квадрат километр майдонни эгаллаган шаҳар харобалари гватемалалик ва словакиялик археологлар томонидан Уашактун боғининг кам ўрганилган ҳудудида топилди. Шунингдек, шу манзилда фрескалар билан безалган, баландлиги 33 метрли эҳром ҳамда кўҳна суғориш тизими аниқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг