Туркия: сув спорти машҳур қилган манзиллар

Ўрта ер денгизи ва Эгей соҳиллари йилнинг исталган вақтида ташриф буюрувчиларни соҳилларда дам олишга, қадимий шаҳарларни кезишга ва ноёб турк ошхонасининг жўшқин таъмидан баҳраманд бўлишга таклиф қилиб келади. Бундан ташқари, Туркия ривиераси ва Эгей денгизи минтақалари очиқ ҳавода дам олиш учун энг яхши манзиллар қаторига киради.
Ушбу манзиллар адреналинга бой машғулотларидан тортиб денгиз экскурсияларигача бўлган турли хил очиқ спорт турлари билан меҳмонларга ҳар қадамда қизиқарли саргузаштларни тақдим қилади.
Адреналинга бой сув спортлари
Бетакрор пляжлари ва мовий денгизларига эга бўлган Эгей минтақаси ва турк ривиераси сув спорти фаолиятини ташкил этиш учун энг қулай масканларни тақдим қилади. Сув остига шўнғиш (дайвинг) – ҳар йили минглаб профессионал ва ҳаваскор ғаввосларни жалб қиладиган энг машҳур машғулотлардан бири. Минтақанинг Чаноққалъадан Айваликгача ва Бодрумдан Кашгача чўзилган сув остига шўнғиш нуқталарида сувости қолдиқлари, ҳалокатга учраган кемалар ва жонли фаунани кўриш мумкин. Дунёнинг энг таниқли дайвинг марказларидан бири бўлган Каш сув остига шўнғиш ва сноркеллинг (махсус мосламада сув остига шўнғиш) учун идеал жой бўлиш билан бир қаторда ўзининг тарихий шаҳарлари, мазали денгиз таомлари ва ичимликлари билан ажралиб туради.
Адреналин ихлосмандлари Ўрта ер ва Эгей денгизлари соҳилларида ажойиб спорт марказларини ҳам топишлари мумкин. Мисол учун, шамол тегирмонлари, тош уйлари ва тош йўллари билан машҳур Измирнинг мафтункор дам олиш шаҳарларидан бири бўлган Алачати сёрфинг марказларидан бири ҳам ҳисобланади. Шунингдек, Алачати ва Датча ярим ороли ўртасида жойлашган Акяка энг яхши кайтсерфинг (шамол кучи ёрдамида сёрфинг) маркази ва бу ер ҳам профессионал сёрфчилари ва саргузашт изловчилар учун мукаммал манзилдир.
Ўрта ер денгизи «юраги»даги каноэ ва рафтинг
Анталиянинг Каш, Кемер ва Калькан каби машҳур дам олиш масканлари жойлашган турк ривиераси рафтинг (экстремал сув спорти тури) ва каноэ каби турли хил сув спорти имкониятларини тақдим этади. Анталия 1973 йилдан бери Миллий парк сифатида қўриқланадиган минтақанинг юраги бoлмиш Кюпрулу каньони бой фауна ва флораси, ҳайратланарли қоя тошлари ҳамда Кюпручай дарёси билан машҳур. Дунёдаги энг хавфсиз рафтинг йўлларидан бири Кюпручайда бўлиб, йўлбошловчи ҳамроҳлигидаги рафтинг саёҳатлари билан тахминан 14 километрни ташкил қилади.
Каноэ машғулотлари одатда Учағиз кўрфази ёки Калекойдан бошланади ва жануби-ғарбий қирғоқ бўйлаб Кекова ороли ва Терсане кўрфазига қараб ҳаракатланади.
Туркиядаги энг яхши треккинг маршрутлари
Эгей ва Ўрта ер денгизи минтақалари треккинг (тоғли ҳудудларда бир неча кун давом этадиган пиёда саёҳат) маршрутлари билан машҳур бўлиб, табиат ва тарих ихлосмандларини ўзига жалб қилиб келади. Бу маршрутлар Шимолий Эгейнинг Каз тоғларини ўз ичига олади, уларнинг деярли ҳар бир нуқтасида алоҳида юриш йўллари мавжуд.
Шулардан бири машҳур Ликия йўли бўлиб, Фетҳие ва Анталия ўртасидаги 540 километрлик масофани ўз ичига олади. Ўрмонлар билан ўралган бу ҳудуд ЮНEСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган Ксантос-Летун каби қадимий шаҳарлари ва қадимий Ликия манзилгоҳи билан ҳам диққатга сазовордир.
Ҳаяжон ва саргузаштга бой велосипед саёҳатлари
Эгей денгизи ва турк ривиерасининг гўзаллигини кашф қилишнинг яна бир усули – велосипедда сайр қилиш.
Тарихий марказлари ва қирғоқ бўйидаги велосипед йўллари билан машҳур Измир EuroVelo 8 (узоқ масофали велосипед йўли, 7560 км) Ўрта ер денгизи йўналишининг бир қисми ҳисобланади. Измирнинг Дикили портидан Туркияга кириб, Сефериҳисар, Сигажик, Урла ва Алачати каби кўплаб қишлоқлар ва дам олиш масканларига велосипедда бориш мумкин. Бундан ташқари, ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси объектлари бўлган Пергам ва Эфеснинг қадимий шаҳарлари ҳам саёҳат қилишга арзирли манзиллардан.
Анталиянинг Кемер тумани велосипедда саёҳат қилиш учун тоғли ва шағалли махсус ишлаб чиқилган йўлаклари билан ажралиб туради. Ўрта ер денгизи соҳилига параллел равишда жойлашган Торос тоғлари ва Кемер ўзининг ажойиб манзаралари билан велосипедчиларга завқ бағишлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter