Туркия парламенти Исроилнинг шерикларига қарши кескин баёнот берди
Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлари Исроилнинг Ғазога босқинини қўллаб-қувватлаётган компанияларнинг маҳсулотларидан фойдаланмайди, деб баёнот берди қонунчилик идораси раиси Нўъмон Қуртулмуш.
«Эндиликда (Исроилни дастаклаётган ширкатлардан) ҳеч нарса сотиб олмаймиз ва аввал сотиб олган маҳсулотларимизни ҳам ташлаб юбормоқчимиз», – дейди Туркия парламенти раиси.
Сиёсатчига кўра, Исроилнинг Ғазода олиб бораётган ҳарбий амалиёти мислсиз гуманитар фалокатга олиб келди.
«Ғазодаги қирғин ёвузликнинг чўққисидир, бундан-да даҳшатли ёвузлик бўлиши мумкин эмас. Гуманитар фронт шаклланади ва миллионлаб одамлар инсонийликнинг ҳали ўлмаганини намойиш этади деган умиддаман», – дейди Н.Қуртулмуш.
Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазо секторида ҳаво ва қуруқликда ҳарбий амалиёт ўтказяпти.
2,3 миллион нуфусли минтақа сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган.
Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган дунё ҳамжамияти Исроилдан халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда. Хусусан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урди.
Бутун дунёда, хусусан, мусулмон оламида Исроилнинг халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларини молиявий дастаклаётган ширкатларга қарши бойкот эълон қилиш, уларнинг маҳсулот ва хизматларидан фойдаланмаслик тарғиб этилмоқда. Бойкот амалиёти, айниқса, Туркия, Малайзия, Индонезия, Миср ва бошқа араб давлатларида фаол кечаётгани айтилмоқда.
Туркия энергетика вазири Алпарслон Байрактар Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилмагунича Исроил билан энергетика йўналишидаги лойиҳалар муҳокама этилмаслигини билдирган.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилни Ғазода очиқчасига ҳарбий жиноятлар содир этишда айблаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter