Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ассоциацияси тузилди
2022 йилнинг 12 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги делегация Туркиянинг Бурса шаҳрида ташкил этилган Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ассоциациясини тузиш бўйича таъсис кенгашида иштирок этишди.
Хабарга кўра, йиғилиш иштирокчилари туркий тилли давлатлар алоқалари ҳар соҳада ривожланиб бораётганини, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамкорлигини ҳам янги босқичга олиб чиқилиши қардош халқлар манфаатларига хизмат қилишини таъкидлашган. Бу тузилма ўзаро тажриба алмашиш, малака ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштиришда платформа вазифасини бажаради, дейишди делегациялар вакиллари.
Муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Омбудсманлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар ассоциациясини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланган.
Ассоциацияга асос солиниши тарихий қарор бўлиб, туркий тилли давлатларнинг ҳамжиҳатлиги ва изчил тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter