Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Туркий дунё маданий пойтахти»да ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам маҳоратини намойиш қилди

«Туркий дунё маданий пойтахти»да ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам маҳоратини намойиш қилди

Озарбайжоннинг маданий пойтахти Шуша шаҳрида давом этаётган «Xarıbülbül» V халқаро фольклор фестивалида Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли ҳам муносиб иштирок этмоқда. «Trend» ахборот агентлиги ўзбекистонлик санъаткорлар чиқишини юқори баҳолади.

«Жозибадор рақсларда ўзбек фольклорининг ҳам ўзига хос жиҳатлари акс этди. Кўп асрлик мусиқий анъаналарни давом эттираётган санъаткорларнинг нафис ҳаракатларига ранго-ранг либослар мукаммаллик бахш этди», – деб ёзди Озарбайжон агентлиги.

Озарбайжон маданият вазирлиги, Ҳайдар Алиев фонди ва Шуша шаҳри давлат қўриқхонаси томонидан ташкил этилган «Xarıbülbül» халқаро фольклор фестивалида дунёнинг турли мамлакатларидан борган созандалар, рақс жамоалари ва фольклор гуруҳлари  иштирок этмоқда.

Мазкур фестиваль анъанавий равишда Шуша ҳамда Қорабоғнинг бошқа минтақаларида ўтказиб келинган. Аммо Қорабоғ ишғол остида бўлган сўнгги чорак аср давомида мазкур маданий тадбирни ўтказиш имкони бўлмаган. Шунга кўра кўп йиллик танаффусдан кейин ташкил қилинаётган фестивалга катта эътибор қаратилмоқда. Унинг очилишида мамлакат президенти Илҳом Алиев ҳам қатнашган.

Озарбайжонда 2022 йил «Шуша шаҳри йили» деб эълон қилинган. Қолаверса, жорий йилда мазкур тарихий шаҳарнинг 270 йиллиги нишонланмоқда.

Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти, санъат бешиги саналади. Асрлар мобайнида бу заминдан атоқли сўз ва соз санъати усталари етишиб чиққан. Шаҳарда юзйиллик мобайнида меъморчилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривож топган.

Эслатиб ўтамиз, Шуша TÜRKSOY ташкилоти томонидан 2023 йилда «Туркий дунёнинг маданий пойтахти» деб эълон қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг