Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркий давлатларнинг икки ташкилоти раҳбарлари учрашди

Туркий давлатларнинг икки ташкилоти раҳбарлари учрашди

28 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев билан учрашди.

Учрашувда туркий давлатлар аъзо бўлган ҳар икки тузилма ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар илм-фан ва маданий-гуманитар соҳаларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар ижобий суръатларда ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Шунингдек, томонлар мамлакатимизда ўтказилган қатор муҳим тадбирлар, масалан, Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига масъул вазирларнинг 4-йиғилиши (2022 йил 25-26 октябр, Самарқанд) ва Ташкилот транспорт вазирларининг йиғилиши (2022 йил 27-28 октябрь, Тошкент шаҳри), Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» мавзусидаги йиғилиши (2022 йил 11 ноябрь) якунлари, йиғилиш доирасида имзоланган ҳужжатлар ва тарафлар зиммасига олган вазифаларнинг ижроси ҳамда Туркий давлатлар жўғрофия кенгашининг ташкил этилиши, кенгаш олдидаги мақсад ҳамда вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

«Туркий давлатлар умумий тараққиётга интилар экан, бунинг учун энг аввало ўз билим ва тажрибаларимиз билан бўлишиш, тажрибалар алмашинувини йўлга қўйишга эҳтиёж бор. Бунинг учун эса бошқа соҳалар каби мамлакатларимизнинг энг муҳим илмий йўналиши география соҳасида ўзаро бирдамлик барчамиз учун буюк заруратга айланмоқда. Кенгаш ўз олдига ана шу бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилиб қўйган.

Бугунги кунда барчамиз глобаллашув жараёнларини кузатмоқдамиз ва иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, турли пандемиялар, энергия ресурслари тақчиллиги каби глобал муамммолар билан боғлиқ мураккаб синовларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши туркий тилли илмий-тадқиқот институтлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада такомиллаштириш, география, ўлкашунослик ва бошқа турдош фанлардаги ютуқларимизни бўлишиш орқали келажакда кутилаётган ана шу муаммоларга биргаликда ечим топиш ҳаракатидамиз», – дея таъкидлаган Ойбек Норинбоев.

Туркий давлатлар жўғрофия ташкилоти бош котиби ушбу мақсадларга эришишга қаратилган стратегия ва чора-тадбирлар режаси билан Кубаничбек Омуралиевни таништираркан, бу мақсадларнинг амалга ошишида Туркий давлатлар ташкилотининг қўллови ҳар қачонгидан муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Учрашув давомида икки ташкилот ҳамкорлиги доирасидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг