Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тоғли Олтой – туркий халқлар аждодларининг ватани

Тоғли Олтой – туркий халқлар аждодларининг ватани

Халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихини объектив ўрганиш бугунги кунда ғоят муҳим. Маълумки, туркийзабон халқлар дунёнинг кўплаб мамлакатлари – шарқда Хитойдан, ғарбда Болқонгача, Марказий Осиё ва Россия Федерациясида яшайди.

Бу қадимий замин кўплаб сирларга эга, хусусан, қадимги туркий ёзувнинг пайдо бўлиш тарихини ҳам ўрганиш фурсати етди. Чунки, қадимги туркий ёзув ёдгорликларини илмий тадқиқ қилишнинг деярли икки юз йиллик тарихига қарамай, кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Туркий халқларнинг ёзувлари ҳамон тўлалигича ўрганилмаган. Шу сабабли ҳам туркийларнинг ажойиб бой маданий мероси синчковлик билан ўрганишни талаб қилади. Туркийлар тарихи ва маданиятни ўрганиш муҳимлигини таъкидлар эканмиз, ўтмиш ҳақидаги билимлар келажакни башорат қилиш имконини беришини эслатиб ўтамиз.

8-9 октябр кунлари Олтой Республикаси маъмурий маркази Тоғли Олтой шаҳри яқинидаги «Манжерок» курортида «Тоғли Олтой – туркий халқлар аждодларининг ватани. Туркий цивилизация тарихи сари» деб номланган биринчи халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда 8 та мамлакат: Россия, Ўзбекистон, Беларус, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон ва Озарбайжон олимлари иштирок этди. Тадбир туркий халқлар шаклланишидаги Олтойнинг ўрни тўғрисида яхлит қарашни шакллантириш ва ҳамкорликнинг кенг истиқболларини тушунишга қаратилган. Буни олқишлаш керак. Тарихчилар, археологлар, шарқшунослар, маданиятшунослар жаҳон ҳамжамиятида ривожланган замонавий мафкуравий ва сиёсий воқеликда «Буюк дашт»нинг кенг майдонларида славян ва туркий дунё ўртасидаги муносабатларда асрлар давомида кучли иттифоқ шаклланишининг келиб чиқишига мурожаат қилиши таҳсинга лойиқ.

Россия халқлари  ва турклар ўртасидаги муносабатлар тарихи камида бир ярим минг йилликни ташкил қилади. Уларнинг алоқаларида қарама-қаршиликлар ҳам, рақобат ҳам, ўзаро таъсир ҳам ўрин олган эди. Анжуманда таъкидланганидек, Россиянинг энг муҳим этник гуруҳларининг келиб чиқишига мурожаат қилиш ва ушбу халқларнинг асл тарихини ўрганиш, маданий ва тарихий алоқаларни ва умумий тарихий тақдирни аниқлаш жуда муҳимдир.

Анжуманнинг тантанали очилишида РФ Президентнинг ёрдамчиси, Россия ҳарбий-тарихий жамияти раиси Владимир Мединский, Россия Президентининг Сибир федераль округидаги вакили Анатолий Серишев, Олтой Республикаси раҳбари Андрей Турчак, РФ фан ва олий таълим вазирининг ўринбосари Константин Могилевский иштирок этди.

Иштирокчиларга Россия Президенти Владимир Путиннинг табриги ўқиб эшиттирилди.  «Евросиё қитъаси ҳақли равишда кўплаб қадимий цивилизацияларнинг, шу жумладан, туркий цивилизацияларнинг бешиги ҳисобланади. Устувор илмий фаразлардан бирига кўра, туркларнинг тарихий аждодларининг ватани Олтойнинг улкан тоғ тизими ҳисобланади. Сўнгги йилларда олимларимиз, археологларимизнинг изланишлари туфайли Олтойнинг туркий халқлар учун алоҳида ўрни ҳақида ҳикоя қилувчи туркий ёзув, маънавий ва моддий маданиятнинг ноёб ёдгорликлари ўрганилди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, туркий халқларнинг тиллари, урф-одатлари ва ўзига хос турмуш тарзи ноёб мамлакат-цивилизация сифатида Россия тарихий меросининг энг муҳим қисмидир», –дейилади табрикда.

Конференцияда туркий халқлар тарихи, уларнинг славянлар билан ўзаро муносабатлари, шунингдек, маданияти ва ёзуви бўйича бир қатор илмий мунозаралар бўлиб ўтди. РФ Президентнинг ёрдамчиси, Россия ҳарбий-тарихий жамияти раиси Владимир Мединскийнинг таъкидлашича, туркий қабилаларнинг жойлашиши кўп асрлар давомида Россия ва бошқа кўплаб давлатларнинг тақдирини белгилаб берди. Евроосиё нафақат барча жаҳон динларининг, балки кўплаб асосий цивилизацияларнинг ватани ҳамдир.

Россия тарих жамияти раиси Сергей Наришкиннинг табригида таъкидлаганидек, «Байкал минтақасидан Шарқий Европа даштларигача чўзилиб Евроосиё маконини эгаллаган – Олтойнинг улкан ҳудудлари туркий цивилизациянинг ватани, халқларнинг энг бой маънавий меросига айланди. Бугунги кунга қадар Буюк Олтой ушбу қадимий жамиятларнинг юқори даражадаги ривожланиши ҳақидаги ғояни сақлаб келмоқда».

Туркий цивилизациянинг келиб чиқиши масалаларига бағишланган биринчи халқаро конференция ўтказилишини жуда муҳим деб биламан. Бундай мунозаралар келажакда мунтазам ўтказилиши керак. Биламизки, Туркий цивилизация Олтойдан халқларнинг Буюк кўчиши даврида бошланган. Бу кўчиш натижада туркий этник гуруҳлар деярли бутун сайёрага тарқалган. Шу сабабли ҳам бугунги кунда туркий цивилизация изларини деярли ҳар бир мамлакатда учратиш мумкин.

Бугунги кунда турли мамлакатлар олимларининг туркийзабон халқларнинг умумий тарихини ўрганаётганига қарамай, кўплаб тарихий факт ва ҳодисалар илмий жамоатчилик томонидан ҳали етарлича ўрганилмаган ва турлича талқин қилинади. Конференцияда илмий жамоатчилик Олтой тоғлари ва туркий халқлар ўрнашган ва яшаган ҳудудлар билан боғлиқ бўлган тарихимизнинг ҳақиқий фактларини кенг жамоатчиликка тақдим этди. Ишончим комилки, бу илм-фанга ҳам, Марказий Осиёдаги туркий халқлар билан ҳамкорликка ҳам катта ҳисса бўлади.     

Анжуманда туркий халқлар ёзма маданиятининг энг қадимий ёдгорликлари Россиянинг муҳим цивилизация мероси эканлиги таъкидланди. Бир сўз билан айтганда, халқаро конференция Евроосиё маконида яшовчи халқларнинг ҳамкорлиги ва интеграциясини кенгайтиришда муҳим восита бўлиши керак.

Маълумот ўрнида:

Россия Федерацияси субъектлари орасида Олтой Республика (олтойча Алтай Республика)си  Сибир федераль округ таркибига киради. Пойтахти Горно-Алтайск (географик  номлар таржима қилинмасада шартли равишда Тоғли Олтой дейиш мумкин). Аҳоли сони 210 765 кишини  ташкил қилади.  1992 йил   февралидан  1992 йил 7 майига қадар  Тоғли Олтой  Республикаси деб номланган. Ўша йилнинг 7 майида Олтой Республикасига айлантирилди. Олтой ва рус тиллари давлат тили сифатида қўлланилади. Шунингдек, қозоқ тили ҳам ишлатилади.    

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг