Туман ИИБ тезкор вакили жиноятни очиш ўрнига «ёпиб» ташлади... Кейин-чи?

Қибрайдаги далаҳовлисидан хабар олгани борган Бахтиёр Эгамқулов (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) бу ерда ўғирлик бўлганини дарҳол илғади. Кимдир анча-мунча қурилиш ашёларини «супуриб» кетибди. Ўғирланган нарсалар қўлтиққа тиқиб кетаверадиган матоҳлар эмасдики, жиноятчи буни қандай уддалаганига ҳайронсан. Наҳот ён-атрофдаги ҳеч ким кўрмаган ёки сезмаган бўлса? Ажаб... Майли, жингина урсин, бўлар иш бўпти: ўғрининг маҳоратидан фол очгунча уни ушлаш чораларини кўрган маъқул. Бунақа кимсалар шохида юрса, бизнинг жонажон милициямиз баргида юради. «Бир» деганда тумшуғидан илволиш чўт бўптими уларга?!
Бахтиёр Эгамқулов шу ўйлар асносида маҳалла профилактика инспекторига учради. Инспектор воқеа жойига келди, ўғри урган уй, ён-атрофга синчиклаб қараб, нималарнидир чўтлаб-чамалаган бўлди. Пировардида айтдики, топамиз у ярамасни, сиз кетаверинг, керак бўлсангиз, ўзимиз хабар берамиз...
Бироқ инспектордан хабар бўлавермагач, жабрланувчи Қибрай туман ИИБга мурожаат қилди. Унинг аризасини қонуний ҳал этиш туман ИИБ жиноят-қидирув бўлинмаси тезкор вакили Илҳом Тўхтасинов чекига тушди. Тезкор вакил жабрланувчини чақирди, воқеани обдан сўради, пировардида у ҳам айтдики, ўғрини албатта топамиз, сиз кетаверинг, керак бўлсангиз...
Кунлар ҳафталарга, ҳафталар ойларга уландики, туман ИИБдан мужда келса қани?! Тезкор вакилдан дарак бўлавермагач, тоқати тоқ бўлган жабрланувчи туман прокурорига арз қилди. Ўтаётган вақт қорлар ёғиб, излар босилишига хизмат қилмоқда ахир?!
Ишга прокуратура аралашгач, ўғирлик факти бўйича жиноят иши очилмагани, аксинча, аллақачон «ёпилгани» ошкор бўлиб қолди!
Қандай?
Мана бундай: туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакили ўғрини қидириб, риёзат чекиб ўтирмабди. Шартта жабрланувчи номидан ўзи (!) ИИБ бошлиғига тушунтириш хати ва қарши ариза ёзиб, унда гўёки воқеа юзасидан «англашилмовчилик» рўй бергани, ўғирланган нарсалар кўпам аҳамиятли эмаслигини билдириб, аввалги аризасини оқибатсиз қолдиришни сўрабди?! Ва шу асосда жиноятни ёпиб ташлабди!.. Шу тариқа ўғирликни «тўғрилабди» гўё...
Албатта, тезкор вакилининг «ижоди» фош бўлмай қолмади. Нақд жиноятни очмагани боис унинг ўзига нисбатан жиноят иши очилди. Ва Жиноят кодексининг бир эмас, учта моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилди.
Нега айблов учта, қилмиш битта-ку дерсиз? Бир қараганда шундай, бироқ мансабдор шахс содир этган битта жиноят ўз-ўзидан камида иккита моддани ҳам етаклаб келади. Чунки, у – мансабдор! Мана, тезкор вакил Илҳом Тўхтасинов, у ҳокимият вакили, мансабдор шахс ҳисобланади. Ўзини ростанам «катта» ҳисоблаб юради чоғи, ўғирлик каби майда жиноят билан «пачакилашгиси келмай» уни ҳисобга олмай қўяқолди (ЖКнинг 2411-моддаси). Бунинг учун эса мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб (206-модда), жабрланувчи номидан тушунтириш хати ва ариза ёзди ҳамда шу сохталик асосида (ЖКнинг 209-моддаси) «ишни ёпиб» ташлади. Шунақа, оддий фуқаро билан мансабдор ўртасидаги фарқ наинки уларнинг юриш-туриши-ю қўлининг узун-калталигида, балки қилмишга бериладиган жазода ҳам яққол намоён бўлади...
Жиноятнинг мухтасар тафсилоти шу.
Дарвоқе, ўғри қўлга тушдими?
Бу энди алоҳида мавзу.
Х.Халиқов,
жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди судьяси.
Турсунали Акбаров,
«Xabar.uz»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter